Дунё нефть савдосининг қарийб 20 фоизи ўтадиган Ҳўрмуз бўғози атрофидаги вазият кескинлигича қолмоқда. Эроннинг Tasnim нашри берган хабарга кўра, Теҳрон маълум шартлар эвазига бўғозни кемалар қатнови учун қайта очишга тайёрлигини билдирган.
Эрон томони бўғоз фаолиятини тиклаш учун бир қатор талабларни илгари сурмоқда:
Санкцияларнинг кафолатланган тарзда бекор қилиниши;
Минтақадаги Америка ҳарбий базаларининг ёпилиши;
Эроннинг музлатилган активларини блокдан чиқариш;
Халқаро савдода доллардан воз кечиб, бошқа валюталардан фойдаланиш.
Шунингдек, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) минтақа давлатларидан АҚШ ва Исроил элчиларини чиқариб юборишни ҳам кемалар қатнови учун асосий шартлардан бири сифатида атаган.
CNN телеканалининг хабарига кўра, Теҳрон нефть танкерларининг юклари фақат Хитой юанида сотилиши шарти билан уларни бўғоздан чекланган тарзда ўтказиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Бу қадам жаҳон иқтисодиётида долларнинг мавқеига путур етказиши мумкинлиги айтилмоқда.
Ҳўрмуз бўғози орқали нафақат нефть, балки суюлтирилган газ таъминотининг 30 фоизи ҳам ўтади. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши операцияси бошлангач, бўғоз амалда ёпилган ва бу энергия ресурслари нархининг кескин ошишига олиб келган. Форс кўрфазидаги кўплаб нефть компаниялари ёқилғи таший олмаётгани сабабли форс-мажор ҳолатини эълон қилишга мажбур бўлди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоийнинг таъкидлашича, бўғоз тўлиқ ёпилмаган, бироқ кемалар қатнови фақат Теҳрон белгилаган "махсус шартлар" асосида амалга оширилади. Ҳозирда бўғозни ИИҚК ҳарбий-денгиз кучлари тўлиқ назорат қилмоқда.