Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий ва Эрон делегацияси Нью-Йоркда АҚШ билан музокаралардаги воситачилар билан учрашув ўтказади. Томонлар Ҳурмуз бўғози орқали кемалар қатновини тиклаш бўйича сўнгги таклифларни муҳокама қилади. Учрашувда АҚШ вакиллари иштирок этмайди, деб хабар бермоқда ISNA.
Аввалроқ Теҳрон воситачилар орқали АҚШ томонига Ҳурмуз бўғозини очиш режасини тақдим этган эди. Эрон урушни тўхтатиш бўйича келишув доирасида, бир қатор шартлар, жумладан, музлатиб қўйилган Эрон маблағлари ва активларини блокдан чиқариш эвазига кемалар қатновини тиклашни таклиф қилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳроннинг таклифини қабул қилмаганини билдирган. Шу билан бирга, ISNA маълумотларига кўра, воситачилар орқали хабарлар алмашинуви давом этмоқда. Ароқчийнинг айтишича, Вашингтоннинг якуний позицияси ҳозирча воситачилар орқали Эронга етказилмаган.
«Бизнинг шартларимиз аниқ ва Ҳурмуз бўғозини очиш йўлидаги ҳар қандай олға силжиш ана шу шартларнинг бажарилишига боғлиқ. Биз улардан чекинмаймиз», — деди Эрон ташқи ишлар вазири.