The Economist журналида қайд этилишича, Эрон атрофидаги можаро фонида нефть-газ компаниялари Африкага Яқин Шарққа муқобил асосий ҳудуд сифатида инвестицияларни кучайтирмоқда.
Эрон атрофидаги можаронинг ҳар бир янги бурилиши билан жаҳон нефть бозорлари беқарорлашар экан, ишлаб чиқарувчилар унинг узоқ муддатли оқибатларини баҳолашга ҳаракат қилмоқда. Бир нарса аниқ: Яқин Шарқдаги бой углеводород манбаларига муқобил бўлган захиралар юқори талабда қолади. Аммо уларни қаердан излаш мумкин?
.
Африка — сўнгги ўн йил давомида кўплаб йирик нефть компаниялари диққат марказидан четда қолиб келган қитъадир. Ҳозир эса вазият ўзгармоқда. Ҳатто урушдан олдин ҳам харажатлар режалари инвестицияларнинг сезиларли даражада ошишини кўрсатар эди.
Wood Mackenzie консалтинг компанияси баҳосига кўра, етти йирик Ғарб компаниясининг Африкада нефть ва газни қидириш ҳамда қазиб олишга йўналтириладиган умумий сармояси 2026–2030 йилларда тахминан 64 миллиард долларни ташкил этади (аввалги беш йилликда бу кўрсаткич 41 миллиард доллар бўлган). Шу билан бирга, уларнинг upstream (қидириш ва қазиб олиш) соҳасидаги умумий инвестициялардаги улуши 10,6 фоиздан 13,5 фоизгача ошиши кутилмоқда. Яқин Шарқдаги можаро фонида бу ўсиш янада тезлашиши мумкин.
Африкага бўлган қизиқишнинг қайта тикланиши ҳам истиқболли геологик имкониятлар, ҳам технологиялар ривожи билан изоҳланади. Қитъа, айниқса, денгизда нефть қазиб олиш соҳасида катта салоҳиятга эга.
Rystad Energy консалтинг компанияси томонидан тахмин қилинган ресурслар ва бошқа омиллар асосида сараланган 42 та «юқори самарадор» қидирув қудуқларидан 17 таси Африкада жойлашган. Уларнинг аксарияти ўта чуқур сувли ҳудудлар тоифасига кириб, чуқурлиги 1500 метр ва ундан ортиқни ташкил этади.
Бундай лойиҳалар компанияларга жуда катта фойда келтириши мумкин, аммо уларни амалга ошириш мураккаб бўлиб, катта харажатларни талаб этади.