Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
"Ғарб давлатлари расмийлари ва Атом энергияси халқаро агентлиги (МАГАТЭ) АҚШ ва Исроил ҳаво ҳужумларидан олдин Эронда бўлган 400 кг юқори даражада бойитилган уран билан нима содир бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотларга эга эмас", дея ёзмоқда агентлик манбаларига таяниб.
Reuters Эрон ядровий дастурини чеклаш учун масъул бўлган ўнлаб амалдаги ва собиқ расмийлар билан суҳбатлашганини даъво қилмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Теҳрон бойитилган уранни ядровий иншоотлардан АҚШ ёки Исроил зарбаларидан олдин олиб чиқишга муваффақ бўлганми ёки йўқми, аниқ эмас.
"Бу материалларни қидириш энди Эрон ва Ғарб ўртасидаги “мушук-сичқон ўйини”га айланади, — дея изоҳ берди манбалардан бири.
МАГАТЭ баҳосига кўра, Эрон 2025 йилги урушгача 400 кгдан ортиқ 60 фоизгача бойитилган уранга эга бўлган. Бу 90 фоиз қурол даражасига яқин ҳисобланади, бу миқдор тўққизта атом бомбасини яратиш учун етарли.
"Агар эронликлар 400 кг юқори даражада бойитилган уран ҳақида ростини айтса, муаммо ҳал бўлади. Аммо улар буни қилмаса, у билан нима бўлганини ҳеч ким аниқ била олмайди", — деди Reuters'га Ғарб давлатларидан бирининг расмийси.