Навоий вилояти Қизилтепа туманида аёл ҳужжатларда эркак сифатида қайд этилгани аниқланди. Бу ҳақда “Давр” дастурида хабар берилди, деб ёзмоқда "Дарё".
Унда айтилишича, Қизилтепа туманида яшовчи Эркиной Тилавова пенсия ёшига етгач, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида ўзининг туғилганлик гувоҳномасида исм ва жинси нотўғри кўрсатилганини аниқлаган. Расмий маълумотларга кўра, гувоҳномада унинг исми Эркин деб ёзилган бўлиб, жинси эркак сифатида қайд этилган.
Эркиной Тилавованинг айтишича, бу хатолик шу пайтгача эътиборга олинмаган.
Пенсияга чиқиш учун ҳужжат тайёрлаб юргандим, архивдан Тилавов Эркин чиқди. “Метрика”нгиз чалкаш дейишди. Шу пайтгача ҳужжатларга ишим тушмаганди, дейди у.
Қизилтепа тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Маруса Носированинг билдиришича, мазкур нотўғри ёзув асосида фуқаролик паспорти ҳам олинган.
Биз электрон тизим ва Эркиной Тилавова қўлидаги ҳужжатларни таққослаб кўрганимизда фуқаронинг туғилиш далолатнома ёзувларида эркак жинсли фарзанд туғилгани, фамилияси Тилавов ва исми Эркин экани тўғрисида маълумотлар ёзилгани аниқланди. Ҳужжатга ота-онанинг ўзлари тузатиш киритиб қўйишган ва бу билан фуқаролик паспорти олинган. Бугунги кунда электрон тизим бўлгани сабабли муаммога дуч келишган, деди Носирова.
Мазкур ҳолат юзасидан Қизилтепа тумани Адлия бўлими томонидан ФҲДЁ билан ҳамкорликда судга мурожаат қилиниб, фуқаролик фактини аниқлаштириш бўйича даъво аризаси киритилган.
Тегишли ташкилотлар аёлга ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда ва масала қонуний тартибда ҳал этилиши кутилмоқда.