АҚШ президенти Дональд Трамп Ғазо секторини сотиб олиб, унинг устидан назорат ўрнатиши ва кейин араб давлатлари ёрдамида қайта тиклаши мумкинлигини айтганди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва ҲАМАС мазкур режани қоралади.
“Ҳеч ким Фаластин халқини иккинчи Накбани бошидан кечиришга мажбурлай олмайди”, дея таъкидлади Эрдўғон. У Ғазодаги вайронагарчиликлар учун Исроилдан 100 миллиард доллар товон тўлашни талаб қилди.
Ғазодаги вайронагарчиликлар кўлами 100 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бунинг учун Исроил ва Нетаньяху ҳукумати жавобгардир. Исроил ҳукумати аввало вайронагарчиликлар учун тўловни амалга ошириши, сўнгра Ғазони қайта тиклаш жараёнини бошлаши керак. Нетаньяху ўз ерларидан кўчира олмаган Ғазо аҳолиси учун жой излаш ўрнига, Ғазога етказган 100 млрд долларлик зарарни қоплаш манбаларини топиши лозим, дея таъкидлади Туркия президенти.
Сиёсатчи “Исроил тортиб олинган уйлар, ерлар ва иш ўринларини уларнинг қонуний эгалари — фаластинликларга қайтариши шарт”лигини таъкидлади. Эрдўғон ислом дунёси мамлакатларини Ғазо ҳудудини қайта тиклашга имкон қадар ҳисса қўшишга чақирди.