Бугун 10 февраль, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Эпштейн иши”га алоқадор Кир Стармернинг истеъфоси эҳтимоли янада кучайдими?

Эпштейн иши”га алоқадор Кир Стармернинг истеъфоси эҳтимоли янада кучайдими?

“Эпштейн иши”га алоқадор можаро фонида Буюк Британиянинг Лейбористлар партияси бош вазир Кир Стармернинг атрофида бирлашди, деб ёзмоқда BBC.

Стармерни аввало Вазирлар маҳкамаси аъзолари, сўнгра парламентдаги Лейбористлар фракцияси жамоаси оммавий равишда қўллаб-қувватлади.

BBC мухбирларининг хабар беришича, фракция аъзолари билан учрашувда депутатлар Стармерни қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Учрашув ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Аммо кейинроқ Даунинг-стрит бош вазирнинг нутқидан парчаларни эълон қилди.

"Мен ҳар қадамимда душманлар билан тўқнаш келдим. Лекин мен мамлакатимизни ривожлантириш учун бор кучим билан ҳаракат қилдим. Шундай экан, мен ҳозирги вазиятда ўз лавозимимдан воз кечишни маъқул кўрмайман", — деган Стармер.

Маълумотларга кўра, партия ичидаги рақобатчилар Стармерни Лейбористларнинг рейтинги кескин тушиб кетишида, мухолифат эса мамлакат ва унинг иқтисодиётини ривожлантириш бўйича аниқ режа ва ягона стратегияга эга эмасликда айбламоқда.

Бош вазирни алмаштириш ҳақида янги гап-сўзларга сабаб бўлган воқеа лорд Питер Манделсон атрофидаги можаро ҳисобланади. У узоқ йиллардан бери педофил Жеффри Эпштйн билан алоқада бўлган ва ўтган йили Буюк Британиянинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланган эди. Стармер бу қарордан чуқур афсусда эканини билдирди.

Шунингдек, якшанба ва душанба кунлари бош вазирнинг икки асосий маслаҳатчиси истеъфога чиқди. Лейбористлар партиясининг Шотландиядаги етакчиси Анас Сарвар эса Стармерни лавозимидан кетишга чақирди.

"Шунга қарамай, Стармерни партия етакчилигига номзод бўлиши мумкин бўлган бир нечта шахслар қўллаб-қувватлади. Бош вазир учун хавф ҳали ҳам мавжуд. Эпштейн можаросидан ташқари, 26 февралда парламент округларидан бирида, май ойида эса Англия, Шотландия ва Уэлсда маҳаллий сайловлар ўтказилади. Агар Лейбористлар кутилганидек натижа кўрсата олмаса, Стармернинг истеъфоси эҳтимоли янада кучаяди", дейилади BBC хабарида.

Киритилди: Бугун 13:55. Ўқилди: 372 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!