Садир Жапаров “фитначилар”нинг уринишларига қарамасдан, мамлакатда давлат тўнтаришлари юз бермаслигини айтди.
"Қирғизистонда давлат тўнтаришлари бўлмайди. Биринчидан, бунга имкон бермаймиз. Иккинчидан, аввалги заиф давлат энди йўқ. Давлатимиз кучли. Учинчидан, халқ кимни қўллаб-қувватлаш кераклигини ва ҳокимият тепасида кимлар бўлиши кераклигини яхши билади. Бундан буён тўнтаришларни фақат тушингизда кўрасиз. Мародёрлик, талончилик, мансаб эгаллаш ва тўнтаришдан кейин бойишга уриниш фақат тушларингизда бўлади", — деб ёзди Жапаров Facebook саҳифасида.
Президентнинг қайд этишича, Қирғизистонда “мамлакатдаги муаммоларни ошириб кўрсатаётган”, халқни гиж-гижлаётган ва сайловлар вақтида нимадир юз беришига умид қилаётган “ёмон ниятли гуруҳлар” бор.
"Бу гуруҳлар таркиби суд томонидан мол-мулки ва пуллари давлат бюджетига ўтказилган коррупциячилар, мамлакат ҳукумати томонидан "соядаги схемалар"га рухсат олган шахслар ва амалидан четлатилган, лекин "ўз манфаати учун шахсан ўч олмоқчи бўлган собиқ амалдорлардан иборат", — деди Жапаров.