Бугун 22 сентябрь, 2019 йил, якшанба

O'ZB

Энди бюджетда ўқийдиганлар ҳам, контрактда ўқийдиганлар ҳам 400 000 сўм стипендия олади

Энди бюджетда ўқийдиганлар ҳам, контрактда ўқийдиганлар ҳам 400 000 сўм стипендия олади

10 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбар ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов, вазирлик бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов, бошқарма бошлиғи Мақсуд Ҳамроев, Ахборот хизмати бош мутахассиси Баҳриддин Шайвалиев ҳамда бир қатор нуфузли олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этди.

Матбуот анжуманида 2019-2020 ўқув йили учун олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг ўрнатилгани борасида маълумотлар тақдим этилди.

Вазир ўринбосари Сарвар Бузрукхонов томонидан маълум қилинишича, қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия давлат бюджети асосида ўқийдиганлар учун ҳам, контрактда ўқийдиганларга ҳам жорий этилади.

«Янги жорий қилинган стипендияли ва стипендиясиз ўқиш тизими кеч эълон қилинди. Шунга қарамай, жорий йил сентябрь ойидан бу тизм тўлиқ ишга тушади. Жойларда муаммо бўлмаслиги керак.

Қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия давлат бюджети асосида ўқийдиганлар учун ҳам, контрактда ўқийдиганлар учун ҳам жорий этилади», дея вазир ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«4» ва «5» баҳога ўқиган давлат бюджети асосидаги талабалар учун давлат бюджети ҳисобидан 50 фоизгача рағбатлантирувчи маблағ ажратилади.

Контракт асосида ўқийдиган талабалар «4» ва «5» баҳоларга ўзлаштирган тақдирда эса уларга Олий таълим муассассида ташкил этиладиган фонд ҳисобидан 50 фоизгача миқдорида рағбатлантирувчи маблағ ажратилади.

«Ўзлаштириши яхши бўлган, илмий ва жамоатчилик ишларида фаол бўлган талабаларга стипендиянинг 50 фоизигача (200 минг сўмгача) миқдорда қўшимча рағбатлантириш берилиши мумкин. Бундай қўшимча стипендияни кимга беришни ректорлар ҳал қилади. Бундай рағбатлантириш маблағлари грантда ўқийдиганлар учун давлат бюджетидан, контрактда ўқийдиганлар учун эса ОТМларнинг ҳар бирида ташкил этиладиган фонд ҳисобидан ажратилади», дейди Сарвар Бузрукхонов.

Бу тизим 1, 2 ва 3 курс талабаларининг барчаси учун ишлайди. Битирувчи курс талабалари эски стипендия тизимида (яъни улар учун аввалгидек «3», «4» ва «5»лик стипендия тартиби) ўқишни давом этади. Битирувчи курслардаги табақалаштирилган стипендия тўлови сақлаб қолиниши фақат давлат гранти асосида ўқувчи талабалар учун амалда бўлади.

Қатъийлаштирилган стипендия магистрлар учун ҳам амал қилади, фақат биринчи курслар учун. Бакалавр ва магистратура таълимидаги барча битирувчилар эски тизим (ўзлаштиришига қараб) асосида стипендия олишда давом этади.

Стипендияли ва стипендиясиз ўқиш тизими оширилган контракт асосида ўқийдиганлар учун ҳам жорий қилинади.

Президент ва бошқа номдор стипендияларни олган талаблар учун стипендия миқдори сақлаб қолинади.

Ногиронлар, кам таъминланган оила фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган талабалар учун ҳам ОТМ фондидан стипендия қоплаб берилади.

«Жамоатчилик фикридан келиб чиққан ҳолда, қатъийлаштирилган 400 минг сўмлик стипендия миқдори қайта кўриб чиқилиши ҳам мумкин», дея қўшимча қилган вазир ўринбосари.

Киритилди: 13:52 11.09.2019. Ўқилди: 953 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!