Бугун 21 июнь, 2021 йил, душанба

O'ZB

Эмлашни 100 фоизга уддалашнинг имкони йўқ. Чунки...

Эмлашни 100 фоизга уддалашнинг имкони йўқ. Чунки...

Ҳаёт бор экан, инсоният ҳамиша яхши яшаш йўлида курашади, ривожланиш сари интилади. Одамлар ўртасида барча соҳаларда яхшилик сари борилаётганлиги кўзга ташланади. Шу жиҳатдан қаралганда омма орасида турли хил юқумли касалликлар ва уларнинг олдини олиш ҳаракатлари ҳам азалдан бўлган. Бу ҳаракат бугун ҳам давом эттирилмоқда.

— Мустақилликнинг дастлабки даврида Ўзбекистон Республикасида олти турдаги юқумли касалликларга қарши аҳоли режали эмланар эди, - дейди Самарқанд вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси раҳбари Адҳам Баҳромов. — Бугунги кунга келиб эса амалдаги эмлаш календарига мувофиқ, ўн уч турдаги юқумли касалликларга қарши эмлаш ишлари йўлга қўйилган. Шу ўринда маълумот учун айтиш керакки, тиббиёт амалиётида режали эмлаш, мавсумий касалликларга қарши эмлаш, эпидемик кўрсатмага асосан эмлаш, профилактика мақсадида эндемик ҳудудларга боришдан аввал эмлаш, соғломлаштириб эмлаш тартиблари мавжуд.

— Адҳам ака, тиббиётдаги бундай тадбирларнинг самараси ҳақида гапирсангиз...

— Бугун кўпчиликни қизиқтирган, ҳаётимизга муҳим вазифа бўлиб кириб келган вакцинация жараёнини олайлик. Шол, бўғма, қоқшол, ич терлама, қутуриш, вирусли гепатит В нинг кўриниши каби касалликларнинг умуман қайд этилмаётганида, қизамиқ, қизилча, ўпкадан ташқари тўқималар сили, кўкйўтал, куйдирги, тепки каби касалликларнинг жуда кам учраётганида унинг самарасини яққол сезиш мумкин.

Маълумки, вакциналарни яратиш, дастлаб экспериментал ҳайвонларда клиникадан олдинги тажрибани ўтказиш, кейинчалик бир неча босқичда кўнгиллиларда клиникадан кейинги синовларни ўтказиш, хавфсизлиги ва самарадорлигини баҳолаш, уни ишлаб чиқариш бўйича рухсатномаларни расмийлаштириш ва қўлланилмоқчи (ишлатилмоқчи) бўлган давлатда расман рўйхатдан ўтказиш, маълум бир вақтни ва иммунологик самарадорилигини тасдиқловчи қатор хужжатлар тақдим этилишини талаб қилади. Мана шу катор босқичлардан ўтилиб, Республикамизда, жумладан вилоятимизда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш учун 3 турдаги вакцина жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб қўлланишга рухсат берилди.

— Коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари қай тариқа бошланди?

— Соғликни сақлаш вазирлигининг буйруғи билан COVID-19 га қарши эмлаш тартиби тасдиқланди. Тиббиёт ходимларининг бу борадаги вазифаларига бир қатор ойдинлик киритилди, улар зиммасидаги масъулият оширилди. Республикамизда 3 турдаги қўлланиладиган вакциналар бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу мақсадда COVAX дастури асосида Ҳиндистон давлатида ишлаб чиқарилган 75 минг доза AstraZeneca “Ковишилд” вакцинаси олиб келинди ва тақсимот асосида шаҳар ва туманларга етказилди. Ушбу вакцинани Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2021 йил 8 февралида фавқулодда ҳолатларда қўллаш учун тавсия этганди. У Ўзбекистон Республикасида 2021 йил 17 мартда ССВнинг “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат Маркази” ДУК томонидан сертификациядан ўтказилган.

Шунингдек, Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceuticai Co., Ltd компанияси ва ўзбек олимлари билан биргаликда ишлаб чиқарилган янги рекомбинант ZF-UZ-VAK2001 коронавирус вакцинасидан 318 200 доза олиб келинди. ZF-UZ-VAK2001 вакцина ҳам Ўзбекистонда 2021 йил 29 мартда DV/X 08646 сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Мазкур вакцинанинг учинчи босқич клиник синовлари Ўзбекистон Республикасида ўтказилди. Хитой Халқ Республикаси томонидан мазкур вакцинадан фавқулодда ҳолатларда фойдаланишга рухсат берилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ССВ нинг “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат Маркази” ДУК томонидан расман рўйхатдан ўтказилган ва хавфсизлик, самарадорлик нуқтаи назаридан баҳоланиб республика ҳудудида ишлатишга рухсат берилган.

Шунингдек «Спутник V» вакцинаси ҳам Россия Федерациясида 3-фаза клиник синовларидан муваффақиятли ўтган. Ундан фойдаланишни жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этмаган бўлсада, Россия Федерацияси ва 40 дан ортиқ давлатларда, жумладан, Республикамизда ҳам «Спутник V» нинг самарадорлиги юқори баҳоланган. Шу боис ундан эмлаш жараёнларида фойдаланиб келинмоқда.

Вилоятда худди мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидаги сингари биринчи навбатда, касалликни юқтириб олиш хавфига қараб эмлаш бошланди. Бунда эътибор хавф гуруҳига мансуб бўлганликка қаратилди. Масалан, 65 ёшдан юқори бўлган аҳоли қатлами, тиббиёт ходимлари, сурункали касаллиги билан диспансер назоратида турувчилар, халк таълими ва мактабгача таълим ходимлари, Қуролли кучлар вакиллари, чет элга ўқишга борадиган талабалар, оммавий-ахборот воситалари ходимлари, босқичма-босқич эмланмоқда. Хавфсиз иммунизация қоидаларига риоя қилинган ҳолда биринчи, иккинчи, учинчи доза вакцина билан июнь ойига қадар 219 мингдан ортиқ аҳоли эмланди ва бу жараён давом этмоқда.

— Касаллик юқишининг эпидемик жараёни занжирини узишда вакцинациянинг ўрни муҳимлиги маълум. Буни сиз мутахассис сифатида фуқароларга қандай тартибда тушунтирган бўлардингиз?

— Бу эпидемик занжирни узиш учун аҳолининг камида 60-70 фоизида коронавирусга қарши иммунитет мавжуд бўлиши керак. Бу эса вакциналарнинг самарадорлиги, эмланувчи аҳоли катламининг шакллантирилиши билан боғлиқ. Шу ўринда савол туғилиши мумкин, нега энди 60-70 фоиз, кўрсаткични бундан-да ошириш имкониятлари мавжуд эмасми? Аввало, тан олиш керакки, эмлаш жараёнини ҳеч бир жойда 100 фоизга уддалашнинг имкони йўқ. Чунки барча инсонлар организми бир хил эмас. Айрим организмларнинг эмлаш билан келиша олмаслиги ҳам бор ҳақиқат. Лекин “COVID-19” га қарши эмлашнинг пандемияни жиловлашга, иммун тизимини мустаҳкамлаб, вирусга қарши курашишда ёрдам беришини ҳам бирор бир мутаҳассис инкор эта олмайди. Ҳозирги айтган кўрсаткичимизни эса бу борадаги меъёрий ҳолат дейиш мумкин. Биламизки, ҳар қандай касалликни даволашдан кўра унинг олдини олган муҳим. Фуқароларимиз коронавирусга қарши эмланиш орқали нафақат ўзини, балки атрофидагиларни ҳам ҳимоя қилишга ҳисса қўшаётганларини унутмасликлари керак.

Абдурасул САТТОРОВ ва

Алимардон ХУДОЙҚУЛОВ

суҳбатлашди.

Киритилди: 16:35 10.06.2021. Ўқилди: 1500 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!