Бугун 1 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Элдор Арипов Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди

Элдор Арипов Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди

Бугун Тошкентда «Янги даврда Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик» мавзусидаги конференция гибрид форматда бўлиб ўтди.
Жорий йилда кутилаётган икки томонлама муҳим тадбирларга тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда Хитой ва Ўзбекистоннинг сиёсий-дипломатик доиралари, етакчи таҳлил марказлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов конференция иштирокчиларига мурожаатида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Биринчидан, унинг таъкидлашича, бу икки томонлама стратегик мулоқотни янада мустаҳкамлашдир. Бу умумий позициялар ва халқаро кун тартибидаги энг долзарб масалалар бўйича манфаатларни илгари суриш учун минтақавий ва глобал тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни кучайтиришни англатади.
Унинг сўзларига кўра, бу қадам мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиши учун қулай ташқи шароитлар яратишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Иккинчидан, экспертнинг таъкидлашича, янги иқтисодий мулоқотни шакллантириш ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш орқали савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг объектив зарурати бор.
Мутахассиснинг ишончи комилки, бунга саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, ўзаро саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни мутаносиб равишда ошириш, самарали савдо-логистика инфратузилмасини барпо этиш орқали эришиш мумкин.
Шу муносабат билан юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни учинчи давлатлар бозорларида сотиш учун иқтисодиётнинг юқори технологияли тармоқларига Хитой сармоясини жалб этишдан манфаатдорлик билдирилди.
Учинчидан, Э. Ариповнинг сўзларига кўра, замонавий транспорт ва логистика коммуникацияларини ривожлантириш, мамлакатлар иқтисодиётларининг жаҳон бозорлари учун очиқлиги, уларнинг иқтисодий марказлар билан алоқаларини ривожлантириш муҳим йўналиш ҳисобланади.
Бунинг учун эксперт мавжуд транспорт йўлакларини ривожлантириш ва янгиларини очиш, жумладан, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон автомобиль ва темир йўли, Транс-Афғон йўлаги «Бир макон, бир йўл» ташаббусини амалга ошириш нуқтайи назаридан алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
СМТИ вакили «яшил энергия» га мувозанатли ва изчил ўтиш энг муҳим устувор вазифа бўлиб қолмоқда, дея фикр билдирди.
Бу борада Хитойнинг бой тажрибаси ва сармоясини қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга жалб этиш, қишлоқ хўжалиги, яшил иқтисодиёт каби соҳаларга замонавий ресурсларни тежовчи ва экологик тоза технологияларни жорий этиш муҳим роль ўйнаши мумкин, деб ҳисоблайди.
-Бунинг учун аллақачон етарли асос бор. О ътган йили Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида Хитой компанияси рекорд муддатда умумий қуввати 1000 мегаватт бўлган иккита қуёш станциясининг биринчи босқичини қуришни якунлади”, — дея хулоса қилди Элдор Арипов.
Эслатиб ўтамиз, СМТИ томонидан Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти Тараққиёт тадқиқот маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган конференцияда сиёсат, хавфсизлик, савдо-инвестицион ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Хитой Халқ Республикаси Давлат Кенгаши Европа ва Осиё ижтимоий тараққиёт институти Тараққиёт тадқиқот маркази – Евроосиё минтақасидаги мамлакатларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини таҳлил қилиш ва ўрганишга қаратилган Хитойдаги етакчи тадқиқот институти. У 1989 йилда ташкил этилган. У ХХР раҳбариятига Хитой ва Евроосиё маконидаги мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ахборот, маслаҳатлар ва сиёсий тавсиялар беради.

Киритилди: 20:28 12.01.2024. Ўқилди: 1082 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!