Ердаги иқлим ўзгариши билан боғлиқ экстремал об-ҳаво ҳодисалари сўнгги 10 йил ичида жаҳон иқтисодиётига 2 триллион доллардан ортиқ зарар келтирди.
Бу ҳақда Париждаги Халқаро савдо палатаси сайтида чоп этилган ҳисоботда айтилади.
Ҳисобот 2014 йилдан 2023 йилгача бўлган ва жами 1,6 миллиард одамга таъсир қилган 4000га яқин об-ҳаво ҳодисаларини ўрганади. Тадқиқотчилар турар-жой бинолари, корхоналар ва инфратузилмаларнинг вайрон бўлишидан келиб чиқадиган бевосита зарарни ҳам, об-ҳаво шароитларининг меҳнат унумдорлигига таъсирини ҳам ҳисобга олди.
Ҳужжатда таъкидланганидек, "биргина сўнгги 2 йилда глобал иқтисодий зарар 451 миллиард долларга етди, бу аввалги 8 йилга нисбатан 19 фоизга кўпдир".
"Сўнгги ўн йилликдаги далиллар иқлим ўзгариши келажак муаммоси эмаслигини кўрсатади: экстремал об-ҳаво ҳодисалари натижасида ҳосилдорликнинг йўқолиши ҳозир иқтисодиётга таъсир қилмоқда", деди палата бош котиби Жон Дентон.
Тадқиқотни Oxera консалтинг компанияси олиб борди.