Бу ҳақда бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов маълум қилди.
Унда таъкидланганидек, уюшма қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш учун тадбиркорларга ёрдам кўрсатмоқда. Тадбирлар орқали тадбиркорларга халқаро стандартларга мос сертификатлаштириш тизимларини жорий қилиш, суғурта харажатларини қоплаш, хорижий органларда миллий маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш имкониятлари тақдим этилмоқда.
Шу билан бирга, савдо уйларини очиш, офис, савдо ва омбор биноларини ижарага олиш, кўргазмаларда иштирок этиш, хорижда ўтказиладиган тренинглар ва семинарларда қатнашиш учун молиявий ёрдам кўрсатилади.
Маҳаллий маҳсулотларнинг рақамли рекламаси хорижий интернет платформаларида, ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишига ёрдам берилади. Тадбиркорлар учун маҳсулотлар намуналарини хорижий харидорларга юбориш ва Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхоналари орқали ёрдам олиш имкони ҳам мавжуд. Бундан ташқари, нуфузли халқаро брендларни жалб қилиш ва улар билан ҳамкорлик қилиш харажатлари қопланади.
Жамшид Шерметовнинг сўзига кўра, тадбиркорлар учун алоҳида Факторинг ташкилоти очилиб, 100 миллион доллар ажратилиши ва корхоналарнинг халқаро сертификат талабларига мослашиш учун 20 минг долларгача харажатлар қопланиши назарда тутилган. Лаборатория жиҳозларини божхона божларидан озод қилиш ва халқаро маркетплейсларда маҳаллий маҳсулотларни илгари суриш учун 2 миллион доллар йўналтирилади.
Маълумот ўрнида, 2024 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 40 триллион сўмлик маҳсулот тайёрланди. Соҳанинг мамлакат саноатидаги улуши 4,8 фоизни ташкил этди. Ўтган йилда 2,2 миллиард доллар инвестиция олинди, шундан 1,4 миллиард доллари хорижий инвестиция ва кредитларга тўғри келди. Экспорт ҳажми эса 840 миллион долларни ташкил этди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 3,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва режа 104,5 фоизга бажарилди.