Операция ўз турмуш ўртоқлари ва қиз ўртоқларини яширинча тасвирга олиб, порнография тарқатган эркакларга қарши ўтказилди
DW'нинг ёзишича, гап ўз аёлларини ухлатиб қўйиб, уларга нисбатан зўравонлик қилган ва видеоларни интернетга жойлаштирган эркакларнинг онлайн тармоқлари ҳақида бормоқда.
Германия ва Буюк Британия идоралари раҳбарлигида ўтказилган ушбу операцияда 9 та давлат ва Европол иштирок этди. Операция давомида шундай мазмундаги тўртта тармоқ аниқланди ва фаолиятига чек қўйилди.
Операция натижасига кўра, 57 нафар шахс қўлга олинди ва ҳозирда хавфсиз жойга кўчирилган 158 нафар жабрланувчи аниқланди.
Маълумот учу, "Медуза" операцияси 2026 йил апрелидан бошлаб ўтказилаётган эди. Германия Федерал жиноят полицияси бошқармаси маълумотларига кўра, зўравонлик кўпинча яқин ижтимоий доирада содир бўлади ва узоқ вақт, баъзан йиллар давомида давом этади.
Зўравонлар тармоғи мавжудлиги ҳақида NDR ва STRG_F журналистларининг суриштируви туфайли 2024 йил охирида маълум бўлган эди. Эркаклар гуруҳларда нафақат жабрланувчиларнинг фото ва видеоларини, балки самарали ухлатувчи воситалар ҳақидаги маълумотларни ҳам алмашишган. Улар бунинг учун шифрланган мессенжерлардан фойдаланишган.
Федерал жиноят полицияси бошқармаси гиёҳванд моддаларни, кўпинча спиртли ичимликлар билан бирга истеъмол қилиш аёллар ҳаёти учун хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Кўпгина жабрланувчилар ўзларига нисбатан жинсий зўравонлик қилинганини англаб етмайди, чунки улар содир бўлган воқеаларни эслаб қола олмайди, дейилади хабарда.