Европа Иттифоқи 2027 йилдан бошлаб ҳарбий хизматга мажбур бўлган украиналиклар учун вақтинчалик ҳимоя бериш қоидаларини ўзгартириши мумкин.
Rzeczpospolita нашрининг Польша ички ишлар вазири ўринбосари Мацей Душчикка таяниб хабар беришича, Европа комиссияси шу ойда Украинадан келган қочқинларни вақтинчалик ҳимоя қилиш тўғрисидаги директивага ўзгартишлар киритишни эълон қилади.
Янги қоидаларга кўра, вақтинчалик ҳимоя фақат ҳарбий хизматдан кечиктирилганини тасдиқловчи ҳужжатга эга Украина фуқароларига берилиши мумкин. Душчикнинг айтишича, мазкур ўзгартишлар устидаги ишлар деярли якунланган ва Польша уларни қўллаб-қувватламоқда. Нашрга кўра, Украина расмийлари ҳам шундай тузатишларни сўраган.
Ҳозирда Польшада 218 мингдан ортиқ украиналик эркак яшамоқда. Eurostat маълумотларига кўра, Европа Иттифоқида 4,3 миллион украиналик вақтинчалик ҳимоя мақомидан фойдаланади. Уларнинг аксарияти Германия (1,2 миллион) ва Польшада (960 минг) истиқомат қилади.
Мацей Душчикнинг таъкидлашича, чекловлар фақат янги мурожаат қилувчиларга нисбатан қўлланилиши кутилмоқда, амалдаги вақтинчалик ҳимоя эгаларига эмас. Шу билан бирга, янги қоидалар украиналик аёлларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.
Директива июль ойида қабул қилиниши режалаштирилган бўлса-да, унинг 2027 йил март ойидан кучга кириши кутилмоқда.