Британиянинг Economist журнали Сурияни 2025 йил мамлакати деб атади. Мамлакат «сиёсий характери» яхшилангани учун шундай эътирофга сазовор бўлди.
«Бир йилдан сал кўпроқ вақт олдин Сурияни Эрон ва Россия томонидан қўллаб-қувватланган жирканч диктатор Башар Асад бошқарган. Унинг қамоқхоналари сиёсий маҳбуслар билан тўлиб-тошган, ўзгача фикрловчилар қийноқ ёки ўлим билан жазоланарди. Ўн уч йиллик фуқаролар уруши ярим миллиондан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди… 2024 йил декабрь ойи бошида қўзғолончилар ҳокимиятни эгаллаб олгач, золимнинг ўзи қочишга мажбур бўлди», — деб ёзади нашр.
Нашрнинг таъкидлашича, кўпчилик Суриянинг янги президенти, ўтмишда жиҳодчилар етакчиларидан бири бўлган Аҳмад ал-Шараа мамлакатда «қоронғи исломий теократия» ўрнатишидан ёки Сурия «тартибсизликка тушиб қолишидан» хавотирда бўлган.
«Униси ҳам, буниси ҳам бўлмади. Аёллар ёпиқ кийим кийишлари ёки уйда қолишлари шарт эмас. Ўйин-кулги ва, ҳа, спиртли ичимликлар мумкин. Ал-Шараа мамлакатни бирлаштириб, Америка ва Форс кўрфази мамлакатлари билан яхши муносабатларни йўлга қўйиб, ҳаммани ҳайратда қолдирди. Ғарб санкциялари юмшатилиши билан иқтисодиёт ҳам тиклана бошлайди», — дейилади материалда.
«Шунга қарамай, Сурия 2025 йилда 2024 йилга қараганда анча бахтли ва осойишта бўлди. Қўрқув энди умумий эмас. Ҳаёт осон эмас, лекин кўпчилик учун у озми-кўпми нормал. Уч миллионга яқин суриялик ватанига қайтди», — деб ёзди Economist.
Бу йилги асосий даъвогарлар орасида «иқтисодий характерни яхшилаган» Аргентина ҳам бор эди.
Economist анъанавий равишда декабрь ойида йил мамлакатини танлайди. Таҳририят «иқтисодий, сиёсий ёки бошқа муҳим жиҳатларда энг катта ютуқларга эришган» мамлакатни аниқлайди.