Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, 2025-2026 ўқув йилида Амир Темур номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати академиясига бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шакли бўйича номзодларни саралаб олиш учун талабгорларни рўйхатга олиш бошланди.
Давлат хавфсизлик хизмати академиясига номзодларни саралаш тест синовларида иштирок этиш истагини билдирган талабгорлар my.uzbmb.uz сайти орқали жорий йилнинг 10 ноябрига қадар онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин. Номзодларни саралаб олиш Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 апрелдаги 241-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, танловда Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ўтаётган ёки ҳарбий хизматга чақирилувчи бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг битирувчилари, эркак жинсидаги, соғлиғининг ҳолатига кўра яроқли деб топилган, бўйи 170 сантиметрдан паст бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.