Бугун 30 октябрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Дунёнинг 192 мамлакатида дарахт турлари йўқолиб кетиш хавфи остида — IUCN

Дунёнинг 192 мамлакатида дарахт турлари йўқолиб кетиш хавфи остида — IUCN

Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) Қизил рўйхати янгиланди. Унда биринчи бор дарахтларни глобал даражада баҳолаш натижалари эълон қилинди. ИУCН маълумотларига кўра, дунёдаги дарахтларнинг 38 фоизи йўқолиб кетиш хавфи остида турибди.

Маълумот учун, IUCN Қизил рўйхатига ҳозирда 166 061 тур киритилган бўлиб, 46 337 таси йўқолиб кетиш хавфи остида.

«Глобал баҳолаш натижалари ҳар учинчи дарахт туридан кўпроғи йўқолиб кетиш хавфи остида эканлигини кўрсатади. Дарахтлар экотизимлардаги ўрни туфайли Ердаги ҳаётни қўллаб-қувватлаш учун жуда муҳим ҳисобланади, миллионлаб инсонларнинг ҳаёти, яшаши дарахтларга боғлиқ», — деди IUCN Бош директори доктор Гретел Агилар.

Таъкидлаш жоизки, биринчи бор дунёдаги дарахтларнинг аксарияти IUCN Қизил рўйхатига киритилган бўлиб, баҳоланган 47 282 турдан камида 16 425 таси йўқолиб кетиш хавфи остида эканлиги маълум бўлди. Дарахтлар ҳозирда Қизил рўйхатдаги турларнинг тўртдан бир қисмини ташкил этади ва хавф остида қолган дарахтлар сони барча хавф остидаги қушлар, сутэмизувчилар, судралувчилар ва амфибиялар сонидан икки баравар кўп. Умуман олганда, дунёнинг 192 мамлакатида дарахт турлари йўқолиб кетиш хавфи остида.

"Баҳолаш бутун дунёни қамраб олди ва 1000 дан ортиқ дарахт бўйича мутахассислар жалб этилди. Ушбу кенг қамровли баҳолаш бизга табиатни асраш бўйича яхшироқ қарор қабул қилиш ва зудлик билан дарахтларни ҳимоя қилиш учун чоралар кўриш имконини беради", — деди Халқаро Ботаника боғларини муҳофаза қилиш ташкилоти мутахассиси, доктор Малин Риверс.

Хавф остидаги дарахтларнинг энг катта қисми оролларда жойлашган. Оролдаги дарахтлар, айниқса, шаҳарсозлик ва қишлоқ хўжалиги учун ўрмонларнинг кесилиши, шунингдек, зараркунандалар ва касалликлар туфайли юқори хавф остида.

IUCN Қизил рўйхати, шунингдек, дарахтларнинг камайиши минглаб бошқа ўсимликлар, замбуруғлар ва ҳайвонлар учун катта хавф эканлигини кўрсатади. Дарахтлар углерод, сув ва озуқа моддаларининг айланиши, тупроқ шаклланиши ва иқлимни тартибга солишдаги роли орқали Ердаги ҳаёт учун асосий манба ҳисобланади. Аммо дарахтлар популяциясига бевосита инсон омили ҳам таъсир кўрсатади. Хусусан, IUCN Қизил рўйхатига киритилган 5000 дан ортиқ дарахт тури қурилишда ёғоч учун, 2000 дан ортиқ тури эса дори-дармонлар, озиқ-овқат ва ёқилғи учун ишлатилади.

Киритилди: Бугун 10:49. Ўқилди: 277 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!