Дунёнинг энг бой бизнесменларининг офшор ҳудудларда яширилган ва солиққа тортилмайдиган бойлиги ҳажми тахминан 3,55 трлн долларни ташкил этиши мумкин. Бундай маълумотларни Охfam хайрия ташкилоти келтирмоқда.
Ушбу ҳисоб-китоблар 2024 йил ҳолатига кўра берилган бўлиб, ўша пайтда жаҳон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 111 трлн долларга баҳоланган. Гап дунё ЯИМнинг тахминан 3,2 фоизи ҳақида бормоқда.
Охfam'нинг қайд этишича, бу сумма Франция ЯИМдан ошиб кетади ва дунёдаги энг кам ривожланган 44 та мамлакатнинг умумий ЯИМдан икки баравар кўпдир. Ушбу бойлик ҳажмининг қарийб 80 фоизи (2,8 трлн доллар) дунёдаги энг бой одамларнинг бор-йўғи 0,1 фоизига тўғри келади. Бу сумманинг қарийб ярми (1,77 трлн доллар) эса уларнинг янада кичикроқ қисмига — 0,01 фоизига тўғри келади.
"Гап шунчаки айёрона бухгалтерия ҳисоби ҳақида кетмаяпти, гап ҳукмронлик ва жазоланмаслик ҳақида бормоқда. Миллионерлар ва миллиардерлар триллионлаб долларларни офшор ҳудудларда сақлаш орқали ўзларини жамиятнинг қолган қисмидан устун қўйишади.
Бунинг оқибатлари анча ҳалокатлидир: биз давлат шифохоналари ва мактаблари молиялаштиришдан қандай маҳрум бўлаётганини, жамиятда тенгсизлик қандай ўсиб бораётганини ва оддий одамлар бир гуруҳ шахсларни бойитиш учун яратилган тизимнинг харажатлари юкини кўтаришга қандай мажбур бўлаётганини кўриб турибмиз", — деди Охfam ташкилотининг солиқ йўналиши раҳбари Кристиан Ҳаллум.