Кейинги суткада жаҳон бўйича коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 79 мингта ҳолат қайд этилди, 6 мингдан ортиқ киши вафот этди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди.
Статистикада келтирилишича, 4 апрель ҳолатига дунё бўйича 1 051 635 нафар бемор ва 56 985 нафар вафот этганлар қайд этилган. Касаллик юқтирганлар сони бир суткада 79 332 кишига етган, ўлимлар сони эса 6 664тани ташкил этган.
Энг кўп бемор ва ўлимлар сони Европага тўғри келади – мос равишда 583 141 ва 42 334 та ҳолат. Бу ҳудудда сутка давомида беморлар сони 41 333 нафарга, ўлимлар сони эса 5 231 тага ортган.
Шимолий ва Жанубий Америкада 279 543 киши коронавирусга чалинган, 6 802 киши вафот этган. Хитой, Жанубий Корея ва Япония ҳам кирувчи Ғарбий-Тинч океани ҳудудида беморлар сони 110 362 нафар бўлиб, 3 809 та ўлим қайд этилган.
ЖССТ маълумотига кўра, энг кўп касаллик юқтирганлар АҚШда - 241 703 киши. Кейинги ўринларда Италия (119 827), Испания (117 710), Германия (85 778) ва Хитой (82 875) турибди.