Яқин келажакда умумий мақсадларнинг йўқлиги ва яққол глобал лидерликнинг етишмаслиги халқаро сиёсатни хавфли ўйинга айлантириши мумкин. Кейинги инқироз нафақат иқтисодиётга, балки глобал бошқарувга ҳам тегишли.
Мавжуд таҳлиллар вазиятнинг жиддийлигини деярли акс эттирмайди, чунки улар қисқа муддат учун қилинмоқда. Жаҳон сиёсатида нима содир бўлаётганини тушуниш учун биз Совуқ уруш тугаганидан бошлаб тарихга назар ташлашимиз керак.
1989 йил Берлин девори қулаганидан бери ўттиз йил ўтди. Ушбу қисқа вақт ичида биз тўртта аниқ босқични босиб ўтдик. Биринчи учта босқич жамоавий мақсадларни кўзлаган бўлса, ҳозирги босқич парчаланиш билан тавсифланади. Совуқ уруш тугаганидан кейинги ривожланиш босқичларига қараб хулоса қиладиган бўлсак, биз 1990 йилда бошланган глобал тартибни қуришда муваффақиятсизликка учраётганимизни тушунамиз. Буни тўрт босқичга ажратиш мумкин.
ГЛОБАЛИЗАЦИЯ ЖАРАЁНИНИНГ 4 БОСҚИЧИ
1990-2000 йиллар янги тартибни яратиш босқичи бўлди. Демократиянинг кенгайиши, можароларни ҳал қилиниши, Европа Иттифоқи, Жаҳон савдо ташкилоти ва бошқа халқаро институтларнинг пайдо бўлиши. Мақсад Совуқ урушдан кейин янги тартиб ўрнатиш эди.
Кейинги саккиз йил (2000-2008 йиллар) иқтисодий ўсиш ва янги ривожланиш босқичини бошлади. Савдо ҳажми ўсиши, технологик инқилоб ва Хитойнинг юксалиши бу босқични белгилаб берди. Умумий мақсад глобаллашув эди. 11 сентябрь ҳужумларидан кейин терроризмга қарши кураш савдо ҳажми ва бойликларнинг сезиларли даражада ўсишига тўсқинлик қилмади.
2008 йилдан 2016 йилгача молиявий-иқтисодий инқироз босқичи бошланди. 2008 йилдаги инқироз қарздорлик, ортиқча харажатлар ва тизимнинг заифлиги каби муаммоларни аниқлаб берди. Ушбу босқичдаги асосий мақсад инқирозни енгиб ўтиш эди.
2016 йилдан ҳозирги кунгача. Парчаланиш босқичи. Инқироздан чиқиш йўли деярли барча мамлакатларда тенгсизликни кучайтирди. Фуқаролар глобаллашувдан шубҳалана бошладилар ва демократиялар узоқни кўра билмас ва худбинга айландилар. 2016 йил июнь ойида Brexit референдуми ва шу йилнинг ноябрь ойида Дональд Трампнинг АҚШ президенти этиб сайланиши, ушбу глобал босқичда асосий муаммолар бўйича консенсуснинг бузилиши билан тавсифланган босқичнинг бошланишини белгилаб қўйди. Миллатчилик ва популизм каби хусусиятлар юзага кела бошлади ва эркин савдо каби принципларга шубҳа туғилди. Умумий глобал мақсадларни аниқлаш мумкин эмас бўлиб қолди.
"СОВУҚ УРУШ"ДАН КЕЙИНГИ МУРАККАБЛИК
"Совуқ уруш"дан кейинги мураккабликни ҳисобга олиб, таҳлил қилишнинг янги воситалари таклиф қилинди. Уруш ёки миллий манфаатлар учун шиддатли кураш натижасида катта кучли давлатларнинг кўтарилиши ёки қулаши каби эски параметрлар ўзаро боғлиқлик шароитида ўзини оқламади. Бу борада 1990 йилдан бери энг кўп қўлланиладиган теориялар, бу – Френсис Фукуяма томонидан ёзилган “Тарихнинг тугаши ва энг сўнги одам” китоби ва Самуел Хантингтоннинг ”Цивилизациялар тўқнашуви” асарлари бўлди.
Фукуяма иқтисодий ва сиёсий соҳаларда мисли кўрилмаган глобал келишувларга эришилганини қайд этди. Иқтисодий экспериментлар тугади, чунки капитализм коммунизмнинг кучли қулаши фонида дунёни забт этди. Cиёсий тизим сифатида эса энг яхшиси шак-шубҳасиз либерал демократия эди, чунки у индивидуал ҳуқуқларни таъминлайдиган ягона тизим эди. Ўз навбатида Хантингтон эса биринчи навбатда маданият ва ўзига хослик муҳим аҳамиятга эга бўлган цивилизация тўқнашувига урғу берди. Глобаллашув бир хилликка олиб келмайди, лекин дунё тарихий цивилизациялар сирларига эга эди ва уларнинг ҳар бири халқаро сиёсат ва муносабатлар нуқтаи назарига содиқ қолди.
"Совуқ уруш" тугаганидан кейин икки халқаро сиёсий фикр титанлари ўртасидаги мунозаралар қизғин тус олди. Баъзан глобаллашув тўғрисида консенсус устувор бўлиб туюлди; баъзан эса бу ва халқаро терроризм таҳдидлари ва унга қарши кураш орқали келиб чиққан цивилизацилар тўқнашуви эди.
Ушбу икки таҳлил схемаси ҳақиқатни тушунтириш учун етарли эмас аслида. Сўнгги ўттиз йилликнинг ўзига хос хусусиятлари бу - минтақавий ва глобал институтларнинг яратилиши ва давлатлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормаларнинг ривожланиши бўлди. Бой ва ривожланаётган шимол ва жанубдаги ва ҳар хил кенгликлардаги давлатлар, ўзаро боғлиқликка асосланган халқаро тартибда қатнашадилар. Ушбу меъёрий ва институционал ўлчовни ҳисобга олган ҳолда халқаро муносабатларнинг яқин тарихига янгича қараш керак. Европанинг континентал тафаккурига хос бўлган бундай ёндашув АҚШ ва Буюк Британияда журналистлар ва матбуот томонидан амалга оширилган улкан таъсир туфайли, жуда кенг тарқалган эмас ва шунга қарамай алмашинувларни башорат қилиш мумкин, чунки бу ўзаро боғлиқ дунё ҳақиқатига мос келади.
1990 йилдан кейинги тарихни ушбу меъёрий ва институционал нуқтаи назар орқали ишончлироқ изоҳлаш мумкин. Биринчи босқичда Хавфсизлик Кенгаши, "Совуқ уруш" уйқусидан уйғониш, санкциялар ва тинчликни сақлаш операциялари каби чораларни кўришни бошлади. Турли минтақаларда тўқнашувлар тўхтатилди ва Яқин Шарқда тинчлик жараёни бошланди. Ушбу босқичнинг бошида, давлатлар иттифоқи сифатида, ХХ асрнинг буюк сиёсий ихтироси ўлароқ, Европа Иттифоқи яратилди, айни пайтда демократия бутун дунёга тарқала бошлади. 90-йилларда Болқоннинг барқарорлашиши қитъадаги хавфсизлик масаласи сифатида кўрилди. Янги тартибни яратишда ушбу босқичда 1995 йилда Жаҳон савдо ташкилоти ташкил этилди.
Глобаллашув ва иқтисодий ўсиш босқичи жаҳон савдосининг ўсиши, ривожланаётган мамлакатларнинг ўсиши ва янги технологияларнинг кенгайиши билан ажралиб турди. 2001 йилдаги терактлар халқаро терроризмга қарши курашни бошлаб юборди, аммо бу ташвиш деярли бутун дунёни қамраб олган ўсишни сусайтирмади. 2001 йил декабрь ойида Хитой ЖСТга аъзо бўлди. Ушбу босқичнинг умумий мақсади, глобал савдо ва инвестицияларни илгари суриш орқали ўсишни рағбатлантириш эди ва ортиқча харажатларни бошқаришга қизиқиш кам эди. Европа Иттифоқи 2002 йилда Евро пул бирлигини жорий қилди ва 2004 йилда ўнта янги аъзолар билан кенгайтириш тугалланди. 2007 йилдаги Лиссабон шартномаси Иттифоққа сиёсий интеграцияни кучайтирди ва унга янги ваколатлар берди.
2008 йилдан 2016 йилгача биз айниқса ривожланган мамлакатларга таъсир кўрсатган молиявий ва иқтисодий инқироз даврини бошдан кечирдик. Инқироз бошланганидан сўнг, умумий мақсад аввал унинг оқибатларини юмшатиш ва кейин зарбага чап бериш эди, ваҳоланки АҚШ ва Европа ўзгача йўл тутдилар. 2008 йил ноябрь ойида инқироз, бошиданоқ қизиқарли институционал реакцияга яъни G20 нинг яратилишига сабаб бўлди. Ўзининг баёнотларида G20, Молиявий Барқарорлик Кенгаши каби муассасаларни тарғиб қилиш билан бирга, солиқларни тартибга солиш ёки ундан қочишга қарши курашиш зарурлигини таъкидлайди. Аммо бу босқичда глобал бошқарув тараққиётида чарчоқ ва чалғитишнинг аниқ белгилари кўриниб қолди. Атроф-муҳит соҳасида 2015 йилги Париж битими қўлланилиши ишончга лойиқ бўлмаган иқлим ўзгариши тўғрисидаги минимал пакт эди. 2011 йилги “араб баҳори” эса минтақани сусайтириб юборди ва бугун халқаро ҳамжамият, қўшнилар ўртасидаги беқарорликни башорат қилишда давом этаётган Суриядаги фуқаролар урушига қандай муносабатда бўлишни билмаяпти. Ҳатто молиявий тартибга солиш соҳасида ҳам, инқироздан кейин юзага келган долзарблик заифлашди, G20 тавсиялари энди кучга кирмайди ва хавфлар яна пайдо бўлади.
БИЗ ХАВФЛИ ПАРЧАЛАНИШ БОСҚИЧИДА ЯШАЯПМИЗ
2016 йил июнь ойида Brexit референдумининг натижалари ва шу йилнинг ноябрь ойида президент Трампнинг сайланиши ҳозирги дунё бошқарув тизимининг бошланишини англатади, бунда глобал бошқарувнинг турли секторлари унутилган ҳолатга тушиб қолди. Мавжуд ҳодисалар, Совуқ Уруш охирида пайдо бўлган умидларнинг пасайиши сифатида талқин қилиниши мумкин. Ҳозирги босқичнинг муаммоси шундаки, умумий мақсадлар йўқ ва иттифоқчилар орасида ҳам хавфли парчаланиш мавжуд. Буни НАТОнинг икки аъзоси АҚШ ва Туркия ўртасидаги келишмовчиликлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бошқача қилиб айтганда, бу ердан қаерга боришни ҳеч ким аниқ билмайди.
Яқин Шарқдаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият нотинч ва халқаро ҳамжамият асосан АҚШ ва Россия ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли таҳдидларга қарши тура олмаяпти. Ядро масалаларида, Эрон ва Шимолий Кореяга унинг тарқалиб кетиши сабаблари туфайли босим сақланиб қолмоқда, аммо АҚШнинг, Президент Обама Россия билан 2010 йилдаги янги келишувга биноан, захираларни камайтиришга бўлган қизиқиши йўқолди ва 2019 йил бошида Доналд ТрампнингIRNFT (ўрта ва қисқа масофали ракеталарни йўқ қилиш тўғрисида) шартномасидан чиқиши хавотирли жиҳат бўлди.
Кўп томонлама бошқарувга келсак, халқаро институтларга узоқ вақт давомида етарлича эътибор берилмади. Протекционизм ЖСТни шубҳа остига олмоқда ва ҳозирда икки томонлама келишувларнинг алтернатив тармоғи яратилмоқда. Экологик муаммоларни ҳам алоҳида эслаб ўтиш керак. Бу нафақат иқлим ўзгариши, балки ўрмонларнинг йўқ қилиниши ёки турларнинг йўқ бўлиб кетиши каби экологик муаммоларни ҳам талаб этади. 2015 йил Париждаги иқлим ўзгариши тўғрисидаги битимга риторик талабчанлик бироз бўш, чунки бу келишув орзу-ниятлар декларациясидан бошқа нарса эмас. Худди шундай савдо протекционизмини ҳам 1995 йилда туғилган ЖСТнинг муваффақиятсиз лойиҳаси сифатида талқин қилиш мумкин. Иқлим ўзгаришларига беписандликни эса 1992 йилги Ер Саммити ва 1997 йилдаги Киото Протоколининг банкротлиги деб талқин қилиниши мумкин. Суриядаги уруш эса БМТ ва ЕИнинг минтақада тинчликка эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини издан чиқаради.
1990-йилдан бери халқаро тартибнинг кафолати бўлган демократик кучлар, янада оқилона ва инсонпарвар дунёга олиб борадиган янги мақсадларни белгилаб олмасларидан туриб, ҳозирги босқичдаги хатарлар кучаймоқда. Ушбу мамлакатларнинг аввалги босқичда амалга оширган инқироздан чиқиш йўли, тенг бўлмаган жамиятларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Жозеф Стиглицнинг таъкидлашича, 2008 йилдаги инқироздан кейинги ўн йилда иқтисодиёт ўзига келиб олиши учун, “банкларни касалхонага олиб бориб пул билан даволаш керак” эди. Тенгсизликнинг ўсиши ушбу жамиятларнинг қулашига олиб келди. Яқинда Тенгсизлик тўғрисида дунё ҳисоботи (World Inequality Report) намойиш этилди. Унга кўра АҚШда 1980 йилда аҳолининг энг камбағал 50 фоизи миллий даромаднинг 21 фоизини олган бўлса, бу кўрсаткич 2016 йилга келиб 13 фоизни ташкил этган. Европада эса, 1980 йилда бу кўрсаткич 24 фоиз бўлган бўлса, 2016 йилда 22 фоизга тушган. Бу тизимли тенденция. Бу тенденция узоқ муддатли истиқболда содир бўлмоқда. Ички сиёсатда бу популизм ва миллатчиликнинг ўсиши, қутбланишнинг кучайиши орқали изоҳлаш мумкинлигини англатади. Ташқи сиёсатнинг аҳамиятсиз кўриниши эса жиддий оқибатларга олиб келади. Демократик мамлакатларнинг энг ноқулай жамиятларида, ташқи сиёсатда мақсадларни аниқ қўйган ҳукуматни топиш қийин.
ПРИНЦИПЛАР ВА ГЛОБАЛ БОШҚАРУВГА ҚАЙТИШ
Ушбу парчаланиш босқичини енгиб ўтиш учун таклифлар бериш жуда қийин, чунки биз вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин бўлган таркибий муаммоларга дуч келмоқдамиз. Қисқа муддатли перспективада, мутахассислар келгуси йилларда прогноз қилганидек, иқтисодий стагнацияни келтириб чиқарувчи зарбаларни ёки шок терапияни бошдан кечиришимиз мумкин. Масалан Форс кўрфазидаги нефтни қайта ишлаш заводларига қилинган ҳужум, энергия бозорига таъсир қилиши мумкин бўлган огоҳлантирувчи сигналдир, Ўзбекистоннинг доллар курсини сунъий бошқариш тизими, давлатнинг иқтисодий механизмларга қўпол аралашуви ҳам парадокс бўлиб туюлса-да, ҳар доим домино таъсирида бўлган молиявий соҳадаги қийинчиликларни такрорлаши мумкин.
Халқаро сиёсий ҳолат, асосий ўйинчилар ўртасида келишув йўқлиги сабабли иқтисодий ва сиёсий инқирозга жавоб беришга тайёр эмас. Фақат бир неча раҳбарлар Совуқ Урушдан кейин глобал бошқарувга бўлган кучли ишончни намойиш этмоқдалар. Биаррицдаги G7 учрашуви ушбу тамойиллар ўз кучини йўқотмаганлигини ва Европа Иттифоқини, Эммануел Макрон, Ангела Меркел ёки Жастин Трюдо каби лидерларни умид нурига айланишини кўрсатиб бериши мумкин.
Биргаликда яшаш қоидалари янада самарали глобал бошқарувга асослангани келажакдаги иқтисодий қийинчиликларни юзага келтириши мумкин. Бу нафақат G7 каби халқаро миқёсдаги кучли институтларда, балки G20 иштирокчилари ва халқаро ташкилотларда ҳам акс этмоқда. Бу вазифа бугунги кунда айниқса қийин, чунки 90-йилларнинг ушбу тамойиллари бугунги кунда иқлим ва атроф-муҳитга ҳалокатли таъсир туфайли, истеъмолчилар иқтисодиёти ва турмуш тарзига янгича қараш билан якунланиши керак. Ҳозирда эса бу янги қаҳрамонлари йўқ бўлган қаҳрамонона миссия бўлиб қолаверади.
Manba: uza. uz