Бу китобни варақлаш ўлим билан тенг. У қўрқинчли афсунлари билан эмас, аксинча, у одам терисига зарари ва хавфлилиги билан ажралиб туради. Бу китобда ҳеч қандай ёзув йўқ. Гап шундаки, ҳар битта саҳифасига ўлимга олиб борадиган маргамуш қўшилган.
Китоб ўз номи билан «Тени Стен ўлими» деб номланади. Бу китоб 86 бетдан иборат бўлиб, унда 150 йиллик намуналар мавжуд. Китобни Роберт Кедзи кашф қилган — XIX асрнинг охирларида маиший қоғозни заҳарлаш билан шуғулланган. У даврда қоғозларга синтетик бўёвчи моддалар аралаштирилган, хусусан, таркибида маргимуш моддаси қўшилган. 1879 йилдан 1883 йилгача 60 фоиз америкаликлар уйларида маргимуш қўшилган бўёқли гулқоғозлардан фойдаланишган. Гап шундаки, гулқоғоздаги бўёқнинг асоси маргимушдан бўлишига қарамай, чиройли, яшил, тиниқ ранг берган ва у бозорларда анча арзон сотилган. Заҳарли бўёқ қўшилган гулқоғоз осон ювилган ва ундан майда кўринишдаги чанг кўтарилиб, овқатга ва бошқа нарсаларга ҳам тушган. Маргимуш билан заҳарланиш осон бўлган.
Бунга мисол тариқасида бир ёш оилани келтириш мумкин. Бу оила янги уйга кўчиб келади. Уйни таъмирлаш жараёнида болалар хонасига ёрқин яшил рангли гулқоғоздан ёпиштиришади. Бу 9 ёшли Эмманинг хонаси эди. Қанчадир вақт оралиғида қизда ўзгаришлар рўй бера бошлайди. Унда бош оғриғи кузатилади, танасига ҳар хил тошмалар тошади ва кун сайин сўлиб боради. Ҳар сафар Эмма даволанишга кетган вақтида аҳволи яхшиланарди. Уйга қайтганида эса аҳволи яна аввалги ҳолига қайтарди. Бир куни Роберт Кедзи уйдаги гулқоғоздан намуна олиб, лабораторияда текшириб кўради. Текширувлар натижасида хонадаги гулқоғозда жудаям юқори даражада маргимуш моддаси борлиги аниқланади. Уй эгалари гулқоғозни ўша пайтнинг ўзидаёқ олиб ташлашади. Эмма эса аста-секин тузала бошлайди.
Ҳозирда «Тени Стен ўлими» китобининг иккита нусхаси мавжуд. Улардан бири Мичиган университетининг кутубхонасида сақланади. Китоб кутубхонанинг алоҳида коллекциясидан ўрин олган ва уни зичланган идишда сақлашади. Қўшимча қилганда унинг ҳар бир варағига маргимушдан заҳарланмаслик учун алоҳида ишлов берилган. Шундай бўлса-да, китобни қалин резинали қўлқопни кийган ҳолда ўқиш лозим.
XIX асрнинг охирларида АҚШда маргимушни нафақат гулқоғозларда, балки болалар ўйинчоқларида ва концерт чипталарида ҳам ишлатишган. Ундан ҳаттоки косметикада ва ширинликларни ўрашда ҳам фойдаланишган.