Дубайдаги оммавий муштлашувда қатнашган Ўзбекистоннинг 6 нафар фуқароси ўлим жазосига ҳукм қилинди.
"Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида 2025 йил апрелида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида рўй берган оммавий жанжал юзасидан суд ҳукми эълон қилинди. 22 январ куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчилардан олти нафари ўлим жазосига ҳукм қилинган, яна бир нафарига умрбод қамоқ жазоси тайинланган", дея хабар бермоқда нашр маҳаллий оммавий ахборот воситалари.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу маълумотни тасдиқлаб, ҳукм юзасидан апелляция берилиши ва бу жараён кўп йилларга чўзилиши мумкинлигини маълум қилди.
2025 йил апрел ойида ижтимоий тармоқларда Дубай шаҳрида ўзбекистонликлардан иборат икки жиноий гуруҳ ўртасидаги тўқнашув келиб чиқиб, бир киши пичоқ зарбаси оқибатида вафот этгани, яна бир киши комага тушиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги мазкур жанжалда иштирок этишда гумонланиб, 15 нафар ўзбекистонлик қўлга олинганини маълум қилганди.
Дубай жиноят қидирув бошқармаси сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирган, Ўзбекистон ТИВ эса фуқароларни хорижда мамлакат шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирганди.