Бундай маълумотни мамлакат Ички ишлар вазири Али Ерликая тақдим этди. Қайд этилишича, ҳибсга олинганларнинг деярли барчаси Истанбулдаги намойиш иштирокчилари бўлган. Ушбу акцияда 60 мингдан ортиқ одам қатнашган.
Вазирнинг сўзларига кўра, 1 май куни бутун Туркия бўйлаб 212 та акция ўтказилиб, уларда 286,5 минг фуқаро иштирок этган. Жамоат тартибини 122,8 минг нафар полициячи назорат қилган.
"Истанбулда намойишчилар шаҳар марказидаги Тақсим майдонига киришга ҳаракат қилишган, бироқ ҳукумат у ерда намойиш ўтказишни кўп йиллардан бери тақиқлаб келмоқда. Полиция майдон атрофида тўсиқлар ўрнатган, бу эса ҳаракатни ва жамоат транспорти ишини издан чиқарган", дея хабар беради DPA агентлиги.
Ушбу намойишлари Истанбул мэри Экрем Имамоғлу ҳибсга олинганидан муносабати билан бўлиб ўтмоқда. Имамоғлу Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг келгуси сайловлардаги асосий рақиби сифатида кўрилаётган эди. Имамоғлу ҳибсга олингач, Истанбулда юз минглаб одамлар иштирокида норозилик намойишлари ўтказилди.