Чоршанба куни Давос Жаҳон иқтисодий форуми доирасидаги муҳокамада NATO бош котиби Марк Рютте декабр ойида Россия Украинадаги урушда жами 30 мингдан ошиқ аскаридан айрилганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, оғир йўқотишларга қарамай, Россия Украинада ҳужумкор ҳаракатларини давом эттирмоқда.
NATO бош котиби Марк Рюттенинг сўзларига кўра, Доналд Трампнинг талабларига, хусусан Гренландия ҳақидаги баёнотларига ҳаддан ташқари эътибор қаратиш Европа давлатларини Украинани қўллаб-қувватлаш заруратидан чалғитмоқда. Шунингдек, Рютте асосий муаммо Гренландия эмас, аксинча Украина эканлигини таъкидлаган.
"NATO бош котиби бу баҳолашлар қайси манбаларга асосланганига аниқлик киритмади. Одатда, Ғарб сиёсатчилари, ҳарбий идоралари ва разведка хизматлари Россиянинг Украина урушидаги йўқотишлари ҳақида гапирганда, ҳалок бўлганлар ва яраланганларни ўз ичига олган умумий рақамларни келтиради. Россия 2022 йил сентябр ойидан буён ўз йўқотишлари бўйича расмий маълумотларни эълон қилмайди", дейилади BBC хабарида.