Украина Омбудсмани Дмитрий Лубинец БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасига Украина ҳарбий асирларининг қатл этилиши ҳақидаги навбатдаги хабарни текшириш илтимоси билан мурожаат қилди.
Украинанинг Deepstate лойиҳасига кўра, 10 октябр куни рус ҳарбийлари Курск вилоятида асирга олинган тўққиз нафар украиналик аскарни отиб ташлаган.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, воқеа худди шу куни рус бўлинмалари эгаллаб олган Зелёний Шлях қишлоғи ҳудудида содир бўлган.
"Бундай ҳаракатлар ҳарбий асирлар билан муомала қилиш тўғрисидаги Женева конвенциясини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Бу ҳаракатлар жазосиз қолмаслиги, душман тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак", — деди Лубинец.
Россия томони Курск вилоятида ҳарбий асирларнинг ўлдирилиши ҳақидаги айбловларга ҳозирча изоҳ бермади.