Рақобат қўмитаси давлат харидлари бўйича ўтказган мониторинг ва мурожаатларни ўрганиш натижасида 25 млрд сўмдан ортиқ харидларда қонунбузилиш ҳолатларини аниқлади.
Жиззах вилоятида аниқланган қонунбузилишлар умумий қиймати 1,5 млрд сўмдан ошади. Сирдарё вилоятида эса 22,5 млрд сўмлик тендер савдосида қонунчилик талаблари бузилган.
Фарғона вилоятида ҳам қарийб 1,2 млрд сўмлик ҳамда 275 млн сўмлик энг яхши таклифларни танлаш савдоларида қонунчиликка риоя қилинмагани аниқланган.
Жиззахда Арнасой туман тиббиёт бирлашмасининг 588,3 млн сўмлик аутсорсинг хизмати, вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатидаги 6 та савдонинг 333,1 млн сўмлик товар-моддий бойликлари хариди текширилган.
Шунингдек, силга қарши кураш диспансерида 420 млн сўмлик аутсорсинг хизмати, Дўстлик туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида 183,1 млн сўмлик қурилиш моллари хариди бўйича қонунбузилишлар қайд этилган.
Сирдарёда «Иссиқлик электр тармоқлари» АЖ «Сирдарё ИЭС» филиалидаги тендерлар, Фарғонада эса Марғилон шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда Бувайда туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасасининг харидлари ўрганилган.
Жиззахда иштирокчиларга асоссиз талаблар қўйилгани ва талабгорлар нотўғри баҳолангани сабабли «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилган. Ишлар қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Сирдарёда «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 29-моддаси, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 42, 46 ва 61-моддалари бузилгани бўйича иш қўзғатилган. Фарғонадаги икки ҳолат юзасидан ҳам ишлар қўзғатилиб, мансабдор шахсларга нисбатан МЖтКнинг 178-моддаси 5-қисми асосида маъмурий ишлар судга тақдим этилган.