Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат мулки объектлари билан савдо (танлов)ларни ўтказиш жараёнлари очиқлиги ва шаффофлигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳаси президентнинг «Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Қайд этилишича, қарор лойиҳасини қабул қилишдан мақсад давлат мулки объектлари билан савдоларни ўтказиш тўғрисидаги ахборотларни шаффоф ва ягона платформада эълон қилиб бориш, бозор конъюктурасида шаклланадиган нархлар бўйича таҳлилий ахборотлар манбасини яратиш, давлат мулкларидан самарали фойдаланиш жараёнини мониторинг қилиш ва жамоатчилик назоратини ўрнатишдан иборат.
Қарор лойиҳасида давлат мулки объектлари билан савдо (танлов)ларни ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш порталини яратиш, порталга жойлаштириладиган ахборотлар ва унга интеграция қилинадиган вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар рўйхатини тасдиқлаш назарда тутилмоқда.