Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Матбуотчилар кўчасида жойлашган «Матбуот уйи» мажмуаси хусусий инвесторга ўтказилгани ҳақидаги маълумотни рад этди.
Platforma.uz Telegram канали манбага таяниб, бино тадбиркорга берилгани ва энди журналистларга тегишли эмаслиги ҳақида хабар берганди.
ДАБА маълумотларига кўра, бу хабар ҳақиқатга тўғри келмайди ва тахминларга асосланган. Президент қарорига мувофиқ, бино ва унга туташ иншоотлар оператив бошқарув асосида ЎзА миллий ахборот агентлигига ўтказилган.
Бир йилдан ортиқ вақтдан бери реконструкция қилинаётган муассаса медиашаҳарчага айланиши кутилмоқда.
«Ҳозирги кунда „Матбуот уйи“ биносида демонтаж ишлари якунига етиб, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда „Матбуот уйи“ бино ва иншоотларининг сотилиши назарда тутилмаган ва ЎзА мазкур бинонинг ягона балансда сақловчиси ҳисобланади», — дейилади хабарда.
Агентлик хабарига кўра, қурилиш ишлари якунлангач, бинода мамлакатдаги барча даврий босма нашрлар таҳририятлари жойлашади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг хабар беришича, айни пайтда бинонинг бетон-панель элементлари демонтаж қилинган, фақат рамкаси қолган.
«Келгусида бинони энергия тежамкор ва замонавий технологиялар билан жиҳозлаш, қулай шароитлар яратиш, бинога замонавий қиёфа бериш режалаштирилган», — дейилади хабарда.