“Маданий мерос агентлигининг бугунги мурожаатида Буюк Турон кўчаси, 41-уй манзилида жойлашган бинолар Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари рўйхатига киритилганлигини маълум қилинган.
Таъкидлаш жоизки, 2023 йил июндаги кадастр ҳужжатларига кўра Объектнинг умумий ҳудуди 28 888 кв. метрни, бўш ер майдони 15 211 кв. метрни, бино ва иншоотларнинг ҳажми 42 048 кв. метрни, шундан 25 024 кв. метрни ишлаб чиқариш ва ёрдамчи бинолар ташкил этади ва 3 та алоҳида маъмурий бинолар мавжуд.
Шундан келиб чиқиб, Давактив агентлиги ва Маданий мерос агентлиги раҳбарлари ўртасида ўтказилган мулоқотда объект ҳудудида жойлашган бино-иншоот ёки ер майдонининг қайси қисми (бири) маданий мерос объекти ҳисобланишига аниқлик киритиш бўйича биргаликда иш ташкил этиш келишиб олинди ва бу тўғрисида Давактив агентлигининг мурожаати юборилди.
Шу билан бирга, Буюк Турон кўчаси, 42-уйда жойлашган Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (УзА)нинг маъмурий биноси маданий мерос объекти рўйхатига киритилмаган, аммо ушбу бино Тошкент шаҳрининг тарихий архитектурасини, шу жумладан, муҳим “модернизм” ёдгорлиги қиёфасини акс эттиришини инобатга олиб, уни сақлаб қолиш мақсадида савдонинг асосий шарти этиб маъмурий бинонинг тарихий қиёфасини сақлаб қолиш белгиланган”, дейилади Давактив хабарида.