2 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Чорсу майдонини реконструкция қилиш бўйича якуний лойиҳа тақдим этилган. Лойиҳа доирасида Чорсу майдонида янги меҳмонхона, бизнес-марказ ва турар-жой бинолари барпо этилади. Лойиҳа Германиянинг Tchoban Voss Architekten компанияси томонидан ишлаб чиқилган, қурилиш ишлари 2025 йилда бошланиши ва 2029 йилгача якунланиши режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 170 миллион АҚШ долларидан ортиқ деб баҳоланмоқда.
Реконструкция ишлари давомида 1982 йилда архитектор Владимир Спивак томонидан қурилган ва 2000 йиллардан буён ишламаётган “Чорсу” меҳмонхонаси демонтаж қилинади.
Янги қуриладиган мажмуа Чорсунинг умумий меъморий шакл-шамойилини сақлаб қолган ҳолда шаҳарнинг муҳим арxитектура марказларидан бирига айланиши айтилмоқда. Янги мажмуада замонавий офислар, меҳмонхоналар ва турар жой бинолари билан бирга “Чорсу” меҳмонхонасига бағишланган кичик музей ҳам очилиши режалаштирилган.