Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қаттиқ чиқинди хизматидан қарзи борларнинг электр энергияси учун тўловларини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилишни бошлади.
Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатда чиқинди тўловларидан қарзи бўлганларни SMS орқали хабардор қилиб бориш, қарздорлик вужудга келгани тўғрисида огоҳлантирилгандан кейин тўлов амалга оширилмаса, уларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш назарда тутилган.
Маълумотларга қараганда, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун дебитор қарздорлик ҳозирда 596 млрд. сўмни ташкил этиб, йил бошига қараганда 115 млрд. сўм кўпайган. Қарздорликларни ундириш тўғрисидаги аризаларни судларга киритиш бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариш вазирлигининг ҳудудий органларига юклатилган вазифа ҳам амалиётда ўз самарасини бермаяпти.
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, фуқаролар алоҳида огоҳлантиришдан кейин ҳам чиқинди бўйича қарздорликни бартараф этмаса, чиқинди бўйича қарзини тўланмагунига қадар электр энергия бўйича тўловни амалга оширмаслик таклиф қилинаётгани таъкидланди.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг моҳиятига алоҳида тўхталиб, унга киритилаётган айрим нормалар бўйича қонун ташаббускорларидан изоҳ сўрашди. Хусусан, электр тармоқлари ва истеъмолчилар ўртасида тузилган шартномалар қонун лойиҳаси қабул қилинганидан сўнг, яна қайтадан тузиладими, деган савол кўтарилди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов кўтарилган барча саволлар юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб ўтди.
Йиғилишида берилган таклифлар қонун лойиҳасини маромига етказиш чоғида эътиборга олинадиган бўлди.