Нашрнинг хабар беришича, Чехия пойтахтида Андрей Бабишнинг янги ҳукуматига қарши норозилик акциялари ўтказилди. Праганинг Эски шаҳар майдонида минглаб одамлар “Чехия Республикаси сотилмайди” шиори остида тўпланишди. Намойишчилар Бабишни уюшган жиноятчилик асосида ҳукумат қуриш ниятида айблашди.
Андрей Бабиш ўнг қанот қарашларни қўллаб-қувватлайди, Европа Иттифоқи сиёсатини танқид қилади ва Украинага ҳарбий ёрдамга қарши. Парламент сайловларида унинг ўнг қанот популист партияси АNO ғалаба қозонганига қарамай, Бабиш манфаатлар тўқнашуви туфайли ҳали бош вазир лавозимини эгаллагани йўқ.
Миллиардер Европа Иттифоқидан ҳар йили миллионлаб евро субсидиялар оладиган қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё конгломерати Аgrofert'нинг ягона эгасидир. Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунлар Чехиядаги давлат хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни ёки ҳукумат қарорларидан фойда кўриши мумкин бўлган компанияларда лавозимларни эгаллашни тақиқлайди.
"Словакияда ҳам минглаб одамлар ҳукуматга қарши намойишларга чиқишди. Пойтахт Братислава ва бошқа шаҳарларда мухолифат партиялари ва фуқаролик гуруҳлари томонидан митинглар ўтказилди. Намойишчилар бош вазир Роберт Фицонинг россияпараст сиёсати ва мамлакатнинг демократиядан чекинишига қарши чиқишди", дейилади DW хабарида.