Адлия вазирлиги олис (чекка) ва нотариус лавозимига талаб паст ҳудудларда давлат нотариал идораси нотариуси лавозимига талабгорларни олий малака комиссияси томонидан суҳбат асосида тайинлаш тартибини белгилайдиган низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 1 апрелдан кучга киради.
Низомга кўра, суҳбат президентнинг 2025 йил 9 сентябрдаги ПҚ–280-сон қарори билан тасдиқланган рўйхатга киритилган нотариал округларда нотариус лавозими бўш бўлган ёки янги лавозим таъсис этилган ҳолларда ўтказилади.
Белгиланишича, суҳбат олий малака комиссияси ва унинг ишчи органи томонидан ташкил этилади. Талабгорларнинг ҳужжатлари эса дастлаб ҳудудий комиссиялар томонидан кўриб чиқилади.
Рўйхатга киритилган нотариал округларда суҳбат ўтказилиши ҳақида “Инсон ва қонун” газетасида ҳамда Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон берилади. Талабгор ҳужжатлари ҳудудий комиссия томонидан 15 кун ичида кўриб чиқилади. Агар ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ деб топилса, олий малака комиссиясига тақдим этиш ҳақида хулоса тасдиқланиб юборилади.
Суҳбат жараёнида талабгорларнинг саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб бериши, касбий йўналиш бўйича тизимли билимларга эга экани, билимлардан мустақил фойдаланиш кўникмалари, шунингдек, ижтимоий жараён ва муаммоларни мустақил таҳлил қила олиш қобилияти асосида баҳоланиши белгиланган.
Қайд этилишича, рўйхатдаги нотариал округларда камида 3 йил нотариуслик фаолиятини амалга оширган шахслар кейинчалик республиканинг исталган бошқа ҳудудида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус сифатида фаолиятини давом эттириши мумкин бўлади.
Мазкур низом 2026 йил 1 апрелдан амалга кириши белгиланган.