Чекиш ўпка саратонининг асосий сабабларидан биридир. Бу ҳақда ички касалликлар ва тиббий онкология мутахассиси, профессор Умут Демиржи Туркияда 1-30 ноябрь кунлари ўтказилган ўпка саратонига қарши кураш ойлиги муносабати билан ўтказилган брифингда маълум қилди.
Тадбир «Саратон билан рақс» уюшмаси томонидан ташкил этилди.
«Чекувчиларда ўпка саратони ривожланиш хавфи бошқа одамларга қараганда 30 баравар юқори. Ўпка саратонининг ҳар тўрттадан учтаси чекиш билан боғлиқ», — деди у.
Мутахассис 20 йил ва ундан ортиқ тажрибага эга чекувчиларда эрта ташхис қўйиш учун паст дозали томография муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай беморлар юқори хавф остида.
Демиржининг сўзларига кўра, ўпка саратони чекмайдиганларда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Олимнинг тушунтиришича, бу турли омиллар таъсирида, жумладан, ноқулай экологик муҳит туфайли содир бўлиши мумкин.