39 ёшли «енгилмас» боксчи, Чеченистонда туғилган Абу Юсупов (9-0-1) Германиядаги вокзалда ўлдирилди, дея хабар беради Tagesspiegel нашри.
Маълум қилинишича, ҳодиса 10 июн куни содир бўлган. Юсупов Берлиннинг Гесундбруннен туманидаги вокзалда жанжалга киришган. Жанжал давомида Абунинг бўйнига пичоқ санчишган ва боксчи ҳалок бўлган. Қолган тафсилотлар номаълум.
Бутунжаҳон боксчилар кенгаши (WBC) чечен боксчининг ўлимига муносабат билдирди: «WBC Абу Юсуповнинг вафоти муносабати билан қайғуда. Абунинг рафиқаси ва уч нафар ёш фарзанди бор. Унинг боксга бўлган муҳаббати ҳар доим ёдимизда қолади. WBC оиласи ва унинг президенти Маурисио Сулейман боксчининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади».
Юсупов ўз жангларида Германия байроғи остида қатнашган. У профессионаллар сафига 2020 йилда қўшилган. Охирги жангини 2025 йил январда ўтказиб, Георгий Канделакини ҳакамлар қарори билан мағлуб этганди.