Телекомпания манбаларининг маълум қилишича, АҚШ Миллий разведкаси директори Тулси Габбард бир неча ҳафта олдин махсус фармойиш чиқарган бўлиб, унда разведка органларига Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокаралари ҳақидаги маълумотларни Вашингтоннинг “Беш кўз” разведка иттифоқидаги ҳамкорларига узатишни тақиқлаган. Мазкур иттифоққа Қўшма Штатлардан ташқари Буюк Британия, Канада, Австралия ва Янги Зеландия киради.
"20 июл санаси билан белгиланган ва Габбард томонидан имзоланган ҳужжатда барча таҳлилий маълумотлар ва тинчлик музокараларига оид маълумотлар NOFORN (no foreign nationals — “хорижий фуқароларга тақиқланган”) сифатида таснифланган, яъни бошқа мамлакатларга ёки хорижий шахсларга узатилиши мумкин эмас. Бундан фақат аллақачон ошкор этилган маълумотлар мустасно", — дея маълум қилди манбалар.
Шу билан бирга, CBS News'нинг қайд этишича, ҳужжат бошқа каналлар орқали олинган дипломатик маълумотларни ёки музокараларга алоқаси бўлмаган ҳарбий оператив маълумотларни узатишни тақиқламайди. Масалан, АҚШ Украина ҳарбийларига уларнинг мудофаа операцияларига кўмаклашиш учун узатадиган айрим маълумотлар бундан мустасно.