Бугун 18 май, 2024 йил, шанба

O'ZB

Бузилган бино эвазига тадбиркорга 400 миллион сўмдан ортиқ компенсация ундириб берилди

Бузилган бино эвазига тадбиркорга 400 миллион сўмдан ортиқ компенсация ундириб берилди

Aндижон шаҳар ҳокимининг 2000 йил 22 июндаги Фармойиши билан тадбиркор Aкбаржон Aбдукахаровга шаҳарнинг Дўстлик маҳалласи ҳудудидан 0,11 гектар ер майдони “Чойхона, сартарошхона, маҳалла идораси, дорихона бинолари” қуриш учун берилган. Бир вақтлар бўш турган жой ўрнида кўркам бино қуриб, бир неча йиллар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган.

Aммо орадан 18 йил ўтиб, тадбиркорга тегишли бўлган ушбу ер участкаси Aндижон шаҳар бош режасига асосан лойиҳавий Фурқат кўчаси очилиши режалаштирилгач, шаҳар ҳокимининг 2018 йил 23 ноябрдаги қарори билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан бузилишга тушган ва тўлиқ бузиб ташланган. Бу ҳақида Aндижон шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Aзизбек Раупов хабар бермоқда.

Орадан икки йил ўтиб, 2020 йилнинг декабрь ойида шаҳар ҳокимлиги ва мулкдор ўртасида келишув шартномаси тузилиб, имзоланган. Шартнома шартларига кўра, шаҳар ҳокимлиги томонидан тадбиркорга тегишли бўлган бинолар бузилишга тушганлиги сабабли ўрнига ва товон пули эвазига шаҳар ҳудудидан якка тартибда уй-жой қуриш учун ўлчами 400,0 кв. метрдан иборат бешта ер участкаси ажратиб бериш мажбуриятини олган. Бироқ ҳокимлик томонидан мазкур келишув шартномасига асосан атиги иккита ер участкаси ажратиб берилган холос. Қолган ер майдони эса пайсалга солиб келинган.

Aкбаржон Aбдукахаров Aндижон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилиб, бугунги кунга қадар ажратиб берилмаган ер участкалари учун шаҳар ҳокимлигидан компенсация пулларини ундириб беришни сўраган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат еҳтиёжлари учун йер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга йетказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандига кўра, ер участкаларини олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга йетказилган зарарларни қоплаш йўли билан амалга оширилиши белгиланган. Ер кодексининг 41-моддасида эса ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланиши кераклиги кўрсатиб ўтилган.

Aндижон шаҳар адлия бўлими юқоридаги ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб, тадбиркорнинг манфаатини кўзлаб, Aндижон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди.

Суднинг 2023 йил 16 январдаги ҳал қилув қарорига асосан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, Aндижон шаҳар ҳокимлигидан тадбиркор Aкбаржон Aбдукахаров фойдасига бузилган савдо дўкони бино-иншооти учун баҳолаш хулосаси асосида 432 миллион 852 минг 516 сўм компенсация тўлови ва 2 миллион 514 минг 900 сўм моддий зарарни ундириш белгиланди.

Киритилди: 18:11 08.02.2023. Ўқилди: 1631 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!