Лондон — Буюк Британияда сўнгги уч ой — август, сентябр ва октябр ойларида 25 та масжидга 27 та ҳужум уюштирилган. Бу ҳақда Britaniya musulmonlari Trust (BMT) ташкилоти ҳисоботида маълум қилинди.
Ҳисоботга кўра, ҳужумларнинг 41 фоизида Британия ёки Англия байроғи, шунингдек, насроний рамзлар ва шиорлар қўлланган. Қолган ҳолатларда масжид деворларига ҳақоратли ёзувлар ёзилган, рамзлар чизилган ва айрим ҳолатларда мулкка зарар етказилган.
Ташкилот маълумотларига кўра, йил бошидан июлгача фақат тўртта ҳодиса қайд этилган бўлса, кейинги уч ойда бу рақам 27 тага етган. Айрим масжидлар бир неча марта ҳужумга учраган.
BMT раҳбари Акила Ахмаднинг таъкидлашича, мамлакатда исломофобия кескин кучаймоқда.
“Масжидларга қарши ҳужумлар нафақат кўпаймоқда, балки янада шафқатсиз тус олмоқда. Бу жамиятдаги нафрат кайфиятининг очиқ ифодаси”, — деди у.
Ахмаднинг сўзларига кўра, мамлакатдаги 4 миллион мусулмон ўзини хавфсиз ҳис қилиши керак.
“Вазият оғирлашмоқда ва бу нормал ҳол деб қабул қилинмаслиги лозим. Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу жараённи назоратга олиши шарт”, — деди у.
Ҳисоботда полициянинг баъзи ҳолатларда фаоллик кўрсатмагани ва жабрланувчиларга етарли эътибор берилмаётгани ҳам қайд этилган. Бу эса жамоатчилик орасида норозиликни кучайтирмоқда.