Буюк Британия қироли Карл IIIнинг кенжа ўғли шаҳзода Гарри эълон қилинмаган ташриф билан Украинага келди.
Бу ҳақда Британиянинг The Telegraph нашри хабар берди.
Газетанинг ёзишича, шаҳзода Гарри жангларда жароҳатланган ва касалхонада ётган аскарлар билан учрашган. Британия қироллик оиласи аъзосининг Львовга ташрифи олдиндан эълон қилинмаган.
"Сассекс герцоги тўрт нафар фахрий ҳамроҳлигида яраланган аскарларни даволайдиган Львовдаги Superhumans Centre марказига борди", — дейилади мақолада.
У Украина фахрийлар ишлари вазири Наталья Калмикова билан ҳам учрашди.
The Telegraph нашрининг қайд этишича, шаҳзода Гарри 2022 йилда уруш бошланганидан буён Украинага ташриф буюрган қироллик оиласининг иккинчи аъзоси бўлди. Ўтган йили у ерга Эдинбург герцогиняси Софи ташриф буюрган эди. Шу билан бирга, нашрнинг таъкидлашича, Букингем саройига саёҳат ҳақида олдиндан хабар берилмаган, "чунки герцог энди қироллик оиласининг ишлайдиган аъзоси эмас".
Ўтган ойда, деб эслатади газета, шаҳзода Уильям Эстонияга икки кунлик ташрифи чоғида украиналик қочқинлар билан учрашган.