Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Бу яра тунда хуруж қилади!

Бу яра тунда хуруж қилади!

 

— Бир неча ойдан бери ошқозоним безовта қиляптиБаъзан оғриқ кучаядиЛекин овқатлансам ўтиб кетади. Бу ниманинг белгиси ва бундан қандай қутулса бўлади?

Нозима ЭЛМУРОДОВА,

Жиззах вилояти

— Бу ошқозон яраси ва энг кўп тарқалган хасталик ҳисобланади, — дейди гастроэнтролог Дилдора МАҲМУДОВА. — Бу касаллик меъда шиллиқ қаватида яра пайдо бўлиши билан бошланади. Ошқозон яраси ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Нотўғри овқатланиш ёхуд нонушта қилмаслик асорати секин-аста яра ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин. Касалликнинг қўзғалиш ва ремиссия (тинчланиш) даври бўлиб, улар алмашиниб туради. Гоҳо «камроқ овқатлансанг, ошқозонинг кичраяди», деган гапни эшитиб қоламиз. Бироқ тиббиёт бу фикрни инкор этади. Чунки организмдаги ички аъзолар ўз-ўзидан шаклини ўзгартирмайди, жумладан, ошқозон ҳам.

Агар ошқозонда яра бўлса, оғриқ, асосан, тунда ва қорин оч бўлганида кузатилади. Таомланиб бўлгач, 30-60 дақиқа ўтиб тўхтайди. Қорин соҳасидаги симилловчи оғриқ баъзан кескин, гоҳо суст бўлади. Яранинг жойлашуви, тузилиши ҳамда ўлчамига қараб оғриқ хуружи бир неча кун ёки ҳафталаб давом этиши мумкин. Бу оғриқ асабга таъсир қилади, ҳатто, стресс ҳолатига сабаб бўлади. Бемор одатдагидан асабийроқ, тажангроқ ва инжиқроқ бўлиб қолади. Бундан ташқари, кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриқлари, зарда қайнаши, қориннинг дам бўлиши, баъзида ич қотиши кабилар ҳам безовта қилади.

Ошқозон яраси пала-партиш таомланишдан ташқари, кучли ҳаяжонланиш, стресс, ирсий мойиллик, узоқ вақт гормонал препаратлар қабул қилиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, меъда шираси кислоталилигининг ошиши, оч қоринга газланган, аччиқ, шўр ва консерваланган маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш кабилар туфайли ҳам юзага келади. Ошқозон яраси хасталиги асосан, баҳор ва куз мавсумида хуруж қилади. Шунингдек, ҳолсизлик, сурункали чарчоқ ва парҳезга риоя этмаслик ҳам оғриқ қўзғалишини келтириб чиқаради. Меъда яраси асосан, 20-25 ёшлилар орасида кўп кузатилади. Хасталикнинг ўрта ёшлилар орасида аниқланиши эса вақтида даволанмагани сабаб келиб чиққан асоратдир.

Даволаш учун

Яра ошқозоннинг қайси қисмида ва қай даражада чуқур жойлашганини аниқлаш учун эндоскопик текширув ўтказилиб, бемор оч қоринга зонд ютади, ультратовуш текшируви (УТТ)дан ҳам ўтади. Агар организмда юзага келган «қўзғолон» сабабчиси инфекция бўлса, шифокор уларни бартараф этувчи, шунингдек, шиллиқ парданинг фаол яллиғланишини камайтирувчи, яра ва эрозияларни битирувчи, хуружлар олдини олувчи препаратлар буюради. Муолажа билан биргаликда қатъий парҳезга риоя этишни ҳам унутмаслик лозим. Ўз вақтида ва тўғри даволаниш хасталикнинг сурункали тус олишидан ҳимоялайди. Агар ошқозон яраси хасталиги вақтида муолажа қилинмаса ёки бемор етарлича даволанмаса, яра чуқурлашиб, тешилиши оқибатида қорин соҳасида кескин, ўткир оғриқ пайдо қилади. Бемор ҳушидан кетиши ҳам мумкин. Бунда жарроҳлик амалиёти қўлланилади. Вақтида чораси кўрилмаса, яра бошқа аъзоларга тарқаши, саратонга айланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Manba: od-press.uz

Киритилди: 22:45 09.11.2019. Ўқилди: 4287 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!