Буюк Британия Мудофаа вазирлиги учувчисиз самолётлар тўдасини зарарсизлантириш учун янги радио тўлқинли қурол муваффақиятли синовдан ўтказилганини эълон қилди.
Департамент маълумотига кўра, армия учун бир гуруҳ ўзи учар қурилмаларга қарши курашиш кўникмасини ўзлаштириш мақсадини кўзлаган мазкур йирик машғулот Ғарбий Уэлсда бўлиб ўтган.
– Кўринмас қурол илк бор дронлар галасини уриб туширди, – дейилган ҳукумат веб-сайтида тарқатилган баёнотда. – Бундай аслаҳа эҳтимолий дрон таҳдидидан ҳимояланишда ёрдам беради, чунки уруш табиати ўзгарувчан.
Янги тизимнинг намунавий русуми радио частотага йўналтирилган энергия қуроли (RF DEW)нинг бир тури бўлиб, бир неча нишонни лаҳзада зарарсизлантириш қобилиятига эга.
Қироллик айни тадқиқот ва ишланмаларга 40 миллион фунт стерлинг сармоя киритди. Дастлабки намуна Франциянинг “Thales” мудофаа компанияси Британия бўлими бошчилигидаги саноат консорциуми томонидан тайёрланган.
Тизим юқори частотали радио тўлқиндан дрон ичидаги муҳим қисмларни бузиш ёки шикастлаш учун фойдаланади. Ҳужум оқибатида ўзи учар учоқ нотўғри ишлай бошлайди ёки бутунлай ишдан чиқади.
Агар ушбу тизим қурол захирасига қабул қилинса, анъанавий ракетага асосланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими сезиларли даражада кучайиши мумкин.
Таъкидланишича, RF DEW бир километргача масофадаги ҳаво нишонига зарба бера олади.