Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги «Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб ёзмоқда ЎзА.
Бош прокурор О.Муродов бошқарган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Қосимов, Бош вазир ўринбосари Қ.Акмалов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси К.Рафиков, соҳага алоқадор вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, шунингдек уларнинг қуйи тузилма ва тармоқлари вакиллари иштирок этди.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш, фармацевтика эркин иқтисодий зоналари фаолиятини ташкил этиш, аҳолини арзон, сифатли ҳамда зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар билан кафолатли таъминлаш, ижтимоий дорихоналарни ташкил қилиш борасидаги вазифалар ижроси танқидий муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, амалга оширилган кенг қамровли ишлар билан бир қаторда, тиббиёт муассасаларига фармацевтика воситаларини етказиб бериш, дорихоналарни ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, дори воситалари ва тиббий буюмлар нархларининг барқарорлигини сақлаш борасида камчиликларга йўл қўйилган.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, «Ўзмедимпекс» давлат унитар корхонаси, «Дори-дармон» акциядорлик жамияти ҳамда бошқа идоралар ва ҳудудий прокуратура органлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Мутасадди вазирлик ва идораларнинг раҳбарларига белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўйганликлари кўрсатиб ўтилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этмаган тақдирда қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу соҳага доир қарорларида кўрсатилган топшириқларнинг тўлиқ ва қатъий бажарилишини таъминлашга қаратилган қўшимча вазифалар белгилаб берилди.