Прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга қаратилган тизимли назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Назорат тадбирларида Сурхондарё вилояти Денов туманидаги V - VII асрларга оид “Каттатепа” археологик ёдгорлигининг 876 м3 майдони фуқаро З.Ҳ. ва бошқалар томонидан молхона қуриш учун бузиб юборилиб, ёдгорликка 23,3 миллиард сўмлик зарар етказилгани аниқланди.
Шунингдек, Навоий вилоятидаги “Оқтепа-1” археология ёдгорлигининг 193 м3 тупроғи 3 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан ковлаб олиниб, ёдгорликка 2,6 миллиард сўмлик зарар етказилган.
“Бадахшонтепа” археология ёдгорлигининг 164 м3 ҳудуди экин майдонига айлантирилганлиги натижасида 2,3 миллиард сўмлик, “Ёмонқиёттепа” ёдгорлигининг 12 м3 майдони ковлаб олингани натижасида 163 миллион сўмлик зарар етказилган.
Наманган вилояти Уйчи туманида ўрта асрларга оид “Толмозортепа” археология ёдгорлигининг 0,48 гектар қисми фуқаро А.К. томонидан техника ёрдамида текисланиб, ёдгорликка 871 миллион сўмлик зарар етказилган.
Бош прокуратура матбуот хизматидан маълум қилишларича, аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Юқоридаги жиноий қилмишлар қонунчиликка асосан оғир жиноят ҳисобланиб, айбдор шахсларга нисбатан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши белгиланган.
Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.