Боланинг соғлом улғайиши алоҳида парвариш ва эътиборни талаб қилади. Айниқса, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб камолга етишида тиббиёт мутахассисларининг тавсия ва маслаҳатлари жуда муҳим.
🏥 Шу сабабли жорий йилдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оила шифокорлари ва патронаж ҳамширалари учун алоҳида қўлланмалар тайёрланиб, тиббиёт муассасаларига етказилди.
👩⚕️ — Мазкур китобчадан ҳар бир ёш тоифасидаги ўғил-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш учун мақсадли тиббий кўрикларни қачон амалга ошириш белгиланган, — дейди Мирзо Улуғбек туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Севара Хусанова.
👶 — Хусусан, бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолияти доирасида янги туғилган чақалоқларнинг ҳолати туғуруқхонадан чиққанидан сўнг 3 кун ичида ва 15 ҳамда 30 кунликда оила шифокори ва патронаж ҳамшираси томонидан кузатиб борилади.
🖇 Ҳар ойда 1 марта боланинг бўй узунлиги, тана вазни, бош ва кўкрак айланаси, ВБИ (вазн-бўй индекси) ҳамда психомотор ривожланиши аниқланади. 2 ойликда эса чақалоқ невропатолог ва ортопед каби тор соҳа мутахассислари томонидан кўрикдан ўтказилади.
✅ Шунингдек, гўдак саломатлиги йилда 4 марта, яъни 3, 6, 9 ва 12 ойликда, 2 ёшгача болалар эса йилда 2 марта, яъни 18 ойлик ва 2 ёшда патронаж ҳамшираси томонидан текшириб борилади.
🩺 1–3 ёшли болалар ҳар чоракда бир марта оила шифокори ва патронаж ҳамшираси томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Бунда боланинг бўй узунлиги, тана вазни, бош ва кўкрак айланаси ҳамда ВБИ (вазн-бўй индекси) аниқланиб, керакли тавсиялар берилади.
🦷 Бундан ташқари, ҳар чоракда 1 марта уларнинг психомотор ривожланиши баҳолаб борилади ҳамда йилда 1 марта стоматолог, эндокринолог, ортопед, офтальмолог ва педиатр каби тор соҳа мутахассислари томонидан мақсадли тиббий кўриклардан ўтказилади.
🧠 3 – 5 ёшли болалар эса ҳар 6 ойда 1 марта тиббий кўрик билан қамраб олинади. Бунда уларнинг бўй узунлиги, тана вазни, бош ва кўкрак айланаси ҳамда ВБИ (вазн-бўй индекси)ни аниқланиб, зарур ҳолларда ота-оналарга тиббий маслаҳатлар берилади.
❇️ Бу ёшдаги болалар саломатлиги, шунингдек 3, 4 ва 5 ёшда йилига 1 марта ҳамда эмлангандан кейин 3 кун ичида 1 марта патронаж ҳамшираси томонидан кузатиб борилади.
👨⚕️ Қолаверса, ҳар 6 ойда 1 марта боланинг психомотор ривожланиши кузатилиб, йилда 1 марта стоматолог, эндокринолог, ортопед, офтальмолог ва педиатр каби тор соҳа мутахассислари кўригидан ўтади.
🔬 Режага кўра, 6 – 18 ёшли болаларнинг соғлиги йилда 1 марта оила шифокори томонидан текширилиб, саломатлик гуруҳларига таснифланади. Бунда уларнинг ҳам бўй узунлиги, тана вазни, бош ва кўкрак айланаси ҳамда ВБИ (вазн-бўй индекси) ва психомотор ривожланиши кузатилади.
Шунингдек, уларнинг саломатлиги йилда 1 марта стоматолог, эндокринолог, ортопед, офтальмолог ва педиатр томонидан текшириб борилади. (https://telegra.ph/file/cd1d84775252f9fbb1438.png)