Бугун 14 октябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Бокуда Хоқоний Шервоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган “Хоқоний оқшоми” ўтказилди

A A A
Бокуда Хоқоний Шервоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган “Хоқоний оқшоми” ўтказилди

2026 йил 29 сентябрь куни Туркий маданият ва мерос жамғармаси Озарбайжон Республикаси Маданият вазирлиги кўмагида буюк озарбайжон шоири ва мутафаккири Хоқоний Шервоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган “Хоқоний оқшоми” номли бадиий-мусиқий тадбирни Бокудаги Халқаро Муғом марказида ўтказди.

Тадбир Озарбайжон Республикаси Президенти, Жаноби Олийлари Илҳом Алиевнинг Хоқоний Шервоний таваллудининг 900 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги фармойишига мувофиқ ташкил этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Туркий маданият ва мерос жамғармаси президенти, профессор Актоти Раимқулова сўзга чиқиб, Хоқоний Шервонийнинг асарлари асрлар давомида туркий халқларнинг маънавий оламида алоҳида ўрин эгаллаб келаётганини таъкидлади. Жамғарманинг кенг кўламли нашриёт фаолиятига тўхталар экан, профессор Актоти Раимқулова ташкилот туркий дунёнинг атоқли мумтоз намояндаларининг адабий меросини турли тилларда нашр этиб, уни кенг китобхонлар оммасига етказаётганини қайд этди. Мазкур йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалар умумий маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қилишга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Тадбирни Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси Ёшлар кенгаши раиси Фарид Ҳусайн олиб борди. Озарбайжон Миллий Фанлар академияси академиги Исо Ҳабиббейли ҳамда Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Ҳикмат Бабao‘ғли ҳам тадбирда сўзга чиқиб, буюк шоирнинг бой адабий мероси ҳақидаги фикрларини билдирдилар ҳамда Жамғарманинг ушбу йўналишдаги ташаббусларини юқори баҳоладилар.

Тадбир доирасида Хоқоний Шервонийга бағишланган пьесалар тўплами тақдимоти ҳам ўтказилди. Шунингдек, шоирнинг ҳаёти ва ижодий меросини акс эттирувчи бадиий дастур намойиш этилди. Дастурда Хоқоний Шервоний ҳаётининг турли даврларини, жумладан, унинг болалик ва ёшлик йилларини тасвирловчи саҳна кўринишлари, шунингдек, шоир шеърлари асосида басталанган ва илк бор ижро этилган мусиқий асарлар намойиш қилинди.

Бадиий дастурдан Жаҳонгир Жаҳонгировнинг “Назанин”, Тўфиқ Ғулиевнинг “Бахтиёр олдун” ва Баҳром Насибовнинг “Гўзал Назанин” асарлари, шунингдек, 3-сон Болалар ва ёшлар ривожланиш маркази томонидан тайёрланган “Хоқонийнинг болалиги” мини-спектакли, “Хоқонийнинг ғазал диалоглари”, Хоқоний ва Муҳаммад Фузулий ижодидан намуналар, шунингдек, мақом жўрлигида Хоқоний ғазалларининг ижролари ўрин олди.

Тадбирда Озарбайжонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, маданият ва санъат намояндалари, адабиётшунос олимлар, академиклар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Киритилди: 22:37 30.09.2026. Ўқилди: 583 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!