Бокуда жорий йилнинг 2–3 сентябрь кунлари “Шаҳарларни тиклаш учун гуманитар миналардан тозалаш: хавфсиз аҳоли пунктлари учун мукаммаллик стандартларини белгилаш” мавзусида Миналардан тозалаш бўйича IV халқаро конференция ўтказилди. Озарбайжон Республикаси Миналардан тозалаш агентлиги (ANAMA) ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) Озарбайжондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 60 мамлакатдан 400 нафардан ортиқ вакил иштирок этди.
Конференциянинг асосий муҳокама мавзулари Озарбайжон дуч келаётган мина муаммосининг кўлами, гуманитар миналардан тозалашнинг шаҳарларни тиклаш ва аҳолининг хавфсиз яшашини таъминлашдаги ўрни, илғор технологияларни қўллаш, халқаро тажриба алмашинуви ҳамда мина хавфини бартараф этиш йўналишидаги халқаро саъй-ҳаракатларни кучайтиришдан иборат бўлди.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида Арманистон томонидан Озарбайжон ҳудудларининг қарийб 30 йил давомида ишғол қилиниши мамлакатни дунёдаги миналар билан энг кўп ифлосланган давлатлардан бирига айлантирганини таъкидлади. Ушбу муаммонинг кўлами нафақат гуманитар, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, аҳоли хавфсизлиги, мажбурий кўчирилган шахсларнинг она юртларига қайтиши ҳамда ишғолдан озод этилган ҳудудларни тиклаш нуқтаи назаридан ҳам жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.
Президентнинг сўзларига кўра, 2020 йилда Ватан уруши якунланганидан буён мина ва портловчи ўқ-дорилар билан боғлиқ ҳодисалар натижасида 437 нафар Озарбайжон фуқароси жабрланган. Улардан 73 нафари ҳаётдан кўз юмган, 364 нафари эса оғир жароҳат олган. Умуман олганда, Арманистоннинг Озарбайжонга қарши тажовузи бошланган даврдан ҳозирга қадар 3 500 нафардан ортиқ Озарбайжон фуқароси миналардан жабрланган. Жабрланганлар орасида болалар, аёллар ва бошқа тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.
Озарбайжон ҳудудларини миналар ва портламаган ҳарбий ўқ-дорилардан тозалаш ишлари ҳозирда кенг кўламда давом эттирилмоқда. Бугунги кунга қадар 298 минг гектардан ортиқ ҳудуд тозаланган, 260 147 та мина ва портламаган ҳарбий ўқ-дори аниқланиб, зарарсизлантирилган. Озарбайжон миналардан тозалаш операцияларининг тезлиги, хавфсизлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида илғор технологиялар, инновацион ёндашувлар ҳамда замонавий бошқарув тизимларидан фойдаланмоқда.
Конференцияда сўзга чиққан Озарбайжон Республикаси Президентининг махсус топшириқлар бўйича вакили Элчин Амирбайов мина муаммосига эндиликда фақат гуманитар масала сифатида эмас, балки тинчлик барпо этишнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида ҳам қараш лозимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ўқ овозларининг тўхташи мина хавфининг бартараф этилганини англатмайди. Хавфсизлиги таъминланмаган ҳудудларда барқарор тинчлик, барқарор ривожланиш ва инсонларнинг нормал ҳаёт шароитларини қарор топтириш мумкин эмас. Элчин Амирбайов 2025 йил 8 август куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Вашингтонда эришилган келишувлар минтақа учун янги имкониятлар яратганини билдирди. Тинчлик битимининг келишилган матни парафланиши ва Вашингтон Қўшма декларациясининг имзоланиши ўтмишдаги можаро исканжасидан холи янги келажак борасида сиёсий қарашни шакллантирди. У Вашингтон учрашувидан сўнг амалда тинчлик муҳити мавжудлигини, мамлакатлар ўртасида ҳарбий эскалация юз бермаганини, мулоқот ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш йўналишида муайян қадамлар ташланганини қайд этди. Бироқ ушбу жараённи барқарор натижаларга айлантириш учун жойларда ҳам хавфсизликни таъминлаш муҳимдир. Шу нуқтаи назардан, мина хавфини бартараф этиш Озарбайжоннинг тиклаш ва қайта қуриш кун тартибининг асосий йўналишларидан бири бўлиш билан бирга, минтақа тинчлигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим омилдир.
Европа Иттифоқининг Озарбайжондаги ваколатхонаси раҳбари Мариана Куйунджич гуманитар миналардан тозалаш ва тиклаш жараёнларини параллел равишда олиб бориш муҳимлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, тиклаш жараёнининг узоқ муддатли режалаштириш, кучли институтлар ҳамда зарар кўрган жамоаларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш асосида амалга оширилиши янада самарали натижалар беради. Европа Иттифоқи Озарбайжоннинг мина хавфини бартараф этиш йўналишида амалга ошираётган кенг кўламли чора-тадбирларини, жумладан, ANAMA ва бошқа оператив субъектларнинг фаолиятини қўллаб-қувватламоқда. Европа Иттифоқининг Озарбайжонга мина фаолияти соҳасидаги умумий кўмаги ҳажми ҳозирда 22 миллион евродан етган.
БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури (UN-Habitat)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эрфан Али эса гуманитар миналардан тозалаш шаҳар сиёсати, ҳудудий режалаштириш ва молиялаштиришнинг фундаментал таркибий қисми эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, миналардан тозаланган ҳудудларсиз самарали шаҳар режаларини ишлаб чиқиш, хавфсиз мулк ҳуқуқларини таъминлаш, инфратузилма тармоқларини барпо этиш ҳамда собиқ мажбурий кўчирилган шахсларнинг ўз она юртларига хавфсиз ва муносиб қайтишини таъминлаш мумкин эмас. Озарбайжонда миналардан тозалаш фаолияти “Буюк Қайтиш” дастури, шунингдек, Қорабоғ ва Шарқий Зангазур иқтисодий районларида амалга оширилаётган кенг кўламли тиклаш ва қайта қуриш жараёнлари билан чамбарчас боғланган.
Конференцияда Хитой томонидан Озарбайжоннинг мина хавфини бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатларига кўрсатилаётган кўмак ҳам эътиборга ҳавола этилди. Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг Қуролларни назорат қилиш департаменти маслаҳатчиси Шен Жан мамлакати гуманитар миналардан тозалаш соҳасида Озарбайжон билан ҳамкорликни бундан кейин ҳам давом эттиришини билдирди. Ўтган йили икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида икки томонлама гуманитар ҳамкорликни кучайтиришга доир Англашув меморандуми имзоланган бўлиб, мазкур ҳужжат доирасида Хитой Озарбайжонга 2 миллион юань миқдорида ёрдам кўрсатган.
Конференция доирасида панель муҳокамалари ва турли мамлакатлар тажрибасига оид тақдимотлар ўтказилди. Тадбир якунида якуний баёнот қабул қилинди.
Миналардан тозалаш бўйича IV халқаро конференция Озарбайжоннинг мина муаммосини халқаро ҳамжамият эътиборига етказиш нуқтаи назаридан муҳим платформага айланиш билан бирга, гуманитар миналардан тозалаш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратди. Тадбирда билдирилган фикрлар мина хавфини бартараф этиш фақат ҳудудларни жисмоний жиҳатдан тозалаш масаласи эмаслигини кўрсатди. Ушбу жараён хавфсиз аҳоли пунктларини барпо этиш, инсонларнинг она юртларига қайтиши, иқтисодий фаолликни тиклаш ва узоқ муддатли тинчликни таъминлаш билан бевосита боғлиқдир.
Озарбайжон тажрибаси шуни кўрсатадики, гуманитар миналардан тозалаш шаҳар ва қишлоқларни тиклашдан тортиб, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни қайта барпо этишгача бўлган барча жараёнларнинг бошланғич нуқталаридан биридир. Шу сабабли мина хавфига қарши курашда халқаро тажриба алмашиш, технологияларни қўллаш ва донорлик кўмагини ошириш алоҳида аҳамият касб этади.