Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Украина инқирозини ҳал этишда ташкилотнинг роли йўқлигини таъкидлади. Бу ҳақда у РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Менимча, жавоб – йўқ”, — деди Небензя унга БМТ Украина инқирозини ҳал этишда қандайдир роль ўйнаяптими деб берилган саволга жавобан.
Россиялик дипломатнинг таъкидлашича, бу ҳолат БМТ бош котиби Антониу Гутерреш ҳамда унинг матбуот котиби ва бошқа расмий шахслар ўз лавозимини суиистеъмол қилаётгани билан боғлиқ.
“Халқаро ходимларнинг холислиги тўғрисидаги низомнинг юзинчи моддасига қатъий амал қилиш ўрнига, улар, шубҳасиз, можарода бир томонни қўллаб-қувватламоқда”, — деди Небензя.
Унинг сўзларига кўра, ташкилот бош котиби матбуот хизмати “Украинанинг Россия фуқаролари ва аҳолисига нисбатан амалга ошираётган ҳаракатларини” эътиборсиз қолдирмоқда.
“Шунинг учун, очиғини айтсам, мен БМТнинг бу жараёндаги ролини кўрмаяпман. Ҳа, уларнинг ўзлари ҳам алоҳида роль ўйнашга интилишмаяпти, чунки бу мавзуда улар учун музокара столи атрофида жой йўқлигини яхши тушунишади”, — дея хулоса қилди Россиянинг БМТдаги доимий вакили.