Бугун 28 сентябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

БМТ Туризм бош котиби: Ўзбекистон туризм соҳасида барқарор ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурмоқда

БМТ Туризм бош котиби: Ўзбекистон туризм соҳасида барқарор ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурмоқда

Мамлакатимиз элчихонаси томонидан БМТ Туризм бош қароргоҳида Ўзбекистон ташаббуси билан "2027 йил — Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили, деб эълон қилиш тўғрисида"ги резолюция қабул қилингани муносабати тақдимот тадбири ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда БМТ Туризм (Бутунжаҳон туризм ташкилоти) бош котиби Зураб Пололикашвили, Испания ТИВ халқаро ташкилотлар бош директорининг ўринбосари Хуан Эскудеро, давлат котибининг туризм бўйича ўринбосари Изабель Кастро Фернандес, шунингдек, Мадридда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилганларга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, сайёҳлик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Бош котиб Зураб Пололикашвили тадбирининг очилиш қисмидаги нутқида Ўзбекистон ҳукуматига ушбу резолюцияни илгари суришдаги фаол иштироки ва ҳиссаси учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан тарихда илк бор жаҳон миқёсида туризм саноати йили нишонланиши алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон туризм соҳасининг барқарор ривожланишига йўналтирилган ташаббусларни фаол илгари сурган ҳолда, сайёҳлик соҳасида юксак етакчиликни намойиш этмоқда. Ўзбекистоннинг резолюция тарғиботига қўшаётган ҳиссаси жаҳон туризм ҳамжамияти учун муҳим аҳамиятга эга, чунки мазкур ҳужжат ўзгарувчан дунёда туризмнинг барқарорлиги ва яшовчанлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлайди.

Ўзбекистон ўз саъй-ҳаракатлари билан нафақат ушбу муҳим ташаббусни илгари сурибгина қолмай, балки маданий мерос ва туризмни бошқаришга замонавий ёндашувлар қандай уйғунлашиши мумкинлигини кўрсатиб, бошқа мамлакатларга ўрнак бўлаётгани қайд этилди.

Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Фаррух Турсунов ўз чиқишида, 2019-2024 йиллар давомида мамлакат туризм соҳасини ривожлантириш бўйича рейтингда 16 поғонага кўтарилиб, 119 давлат орасида 78-ўринни эгаллаганини маълум қилди. Жаҳон иқтисодий форумининг Саёҳат ва туризмни ривожлантириш индексига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон туризм жадал ривожланаётган давлатлар орасида биринчи ўринни эгаллади.

Таъкидланганидек, туризм кўплаб мамлакатлар иқтисодиётининг муҳим элементига айланиб бораётган бугунги кунда унинг атроф-муҳитга, маданий меросга ва ижтимоий жиҳатларга таъсирини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Шунинг учун барқарорлик туризмни ривожлантиришнинг асосий тамойилига айланиши зарур.

Тақдимот доирасида меҳмонларга 10-11 июнь кунлари Барселона шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Туризм Ижроия кенгашининг 121-сессиясида Ўзбекистон томонининг Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш бўйича Ҳукуматлараро қўмита тузиш таклифи қабул қилингани ҳақида ҳам маълум қилинди. Ушбу кодекснинг ишлаб чиқилиши бутун дунё бўйлаб хавфсиз туризмни таъминлашнинг универсал воситасини яратишнинг калити эканлиги таъкидланди.

Анжуман якунида Ўзбекистон элчиси барча мамлакатларни туризмнинг барқарор ривожланишига эришиш учун кучларни бирлаштиришга, шунингдек, Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқишда фаол иштирок этишга чақирди.

Киритилди: 13:18 22.06.2024. Ўқилди: 483 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!