БМТнинг аёллар масалалари бўйича дастури Ғазо секторидаги урушга оид қайғули статистикани эълон қилди.
2023 йил октябрдан 2025 йил декабрга қадар бўлган муддат ичида Исроил ҳарбийларининг ҳужуми оқибатида ғазолик 38 мингдан зиёд хотин-қизлар ҳалок бўлган.
Қирғинбарот оқибатида 11 мингдан зиёд хотин-қизлар жароҳатланди, уларнинг кўпчилиги майиб-мажруҳ бўлиб қолди.
БМТ огоҳлантиришича, қурбонлар сони янада кўпроқ бўлиши мумкин. Яна минглаб жасадлар вайроналар остида қолмоқда. Тиббиёт тизими бутунлай издан чиққан шароитда дараксиз йўқолганларни аниқ ҳужжатлаштиришнинг ҳам имкони йўқ.
БМТнинг хотин-қизлар масалалари бўйича дастури вакили София Каллторпга кўра, шу тариқа икки йил мобайнида ҳар куни камида 47 нафар хотин-қиз ҳаёт билан бевақт видолашган.
«Рўйхатдаги ҳар бир рақам ортида кимнингдир онаси, қизи, сингли ёки дугонасининг тақдири ётибди. Қолаверса, эридан айрилган аёллар даромад, қўллаб-қувватлаш ва энг оддий хизматлар ҳам йўқ шароитда оиласини боқишга мажбур қолмоқда», — деган София Каллторп.
Халқаро ташкилот вакили Ғазода гуманитар вазият ўта оғир экани, ҳомиладор аёллар ҳатто кўча-кўйда, чанг-тўзонлар ичида ҳам фарзанд дунёга келтиришга мажбур бўлаётганини айтган.
2025 йил октябр ойида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ҳақида битим имзоланган бўлса-да, тинч аҳоли вакиллари, хусусан, аёллар ва болалар ўлими давом этмоқда.
БМТ томонидан бир неча кун аввал Фаластин ерлари, хусусан, Ғазодаги вазият юзасидан эълон қилинган ҳисоботда ҳам Исроил ҳарбийлари фаластинликларга нисбатан геноцид ва қийноқ сиёсатини юритаётгани айтилади.
БМТнинг Фаластинда инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича махсус маърузачиси Франческа Албанезе Ғазо секторида инсон ҳуқуқлари меъёрлари ўта қўпол равишда бузилаётганини танқид қилар экан, Исроил армиясини «Ер юзидаги энг тубан армия» деб атаган.
Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан кейин 72 553 нафар фаластинлик ўлдирилди, 172 296 нафари жароҳатланди.
Икки ўртада сулҳ битими имзоланган 2025 йил 10 октябрдан кейин ҳам 777 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.
Ғазо секторидаги 90 фоиз бинолар — тураржойлар, шифохоналар, мактаблар, масжидлар ер билан яксон этилди.
Ҳали-ҳамон қамал остида яшаётган Ғазо секторидаги 2,3 миллион аҳоли ҳаётига бомбалардан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.
2025 йил сентябр ойи халқаро комиссия Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.
Ғазодаги хунрезлик кўлами шу қадар улканки, экспертлар «бундай ҳодиса XXI асрда рўй берганига ақл бовар қилмаслиги»ни таъкидламоқда.